Диний сиёсий-хукукий таълимотлар.
1.Сиёсий-ҳуқуқий таълимотларда. 2.Диний сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар. 3.Давлат ҳақидаги Ислом концепцияси ва ҳалифатчилик ҳақидаги назария. 4.Ҳозирги замон экстримистлари ва террористларининг қарашларини танқид. "Ислом дини – бу – ота-боболаримиз дини. У биз учун хам иймон, хам ахлоқ, хам диёнат, хам маърифат эканини унутмайлик. У қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларга амал қиладилар”. Дархақиқат, истиқлол берган имконият туфайли ўтмишимиз, динимиз, тилимиз, урф-одатларимиз ва тарихий анъаналаримизни хеч қандай буёқларсиз, мафкуравий "изм”ларсиз ўрганиш ва кенг ёритиш бахтига муяссар бўлдик. Бугунги кунда Ислом динининг маънавий-ахлоқий ва диний-хуқуқий мерослари нафақат ахли дин, балки дунёвий илм сохиблари, кенг ахли жамоа орасида хам ўз қадрини топаётганлиги қувонарлидир. Шарқ халқлари, жумладан, Марказий Осиё халқлари тарихида ислом дини ва шариат хуқуқий тафаккури шаклланди ва тараққий топди. Исломгача ўтган барча динлар бир қавмга, бир миллатга ёки муайян худудга тааллуқли бўлса, Ислом дини Тангри Таоло томонидан Ер юзидаги бутун инсониятга юборилган диндир. Бугунги кунда жахондаги 172 мамлакатнинг 1,3 миллиард ахолиси Ислом динига эътиқод қилади. Дарвоқе, Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган "Моида” сурасининг 3-ояти пайғамбаримизга келганидан сўнг Ислом Дини узил-кесил қарор топди. Ана энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим”- дейди. Шу ўринда тарихимизни қайси даврини эсламайлик, ислом одамларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатлар шаклланишига "ёмон”ларидан холи бўлишга чорлаган. Бу борада профессор А.Саидов: "Оллохга шукроналар бўлсинки, миллий истиқлол берган имконият туфайли биз қадимий ўтмишимизни, Ислом динимиз, она тилимиз, урф-одатларимиз ва тарихий анъаналаримизни аслидагидек, мафкуравий ақидаларсиз холисона ўрганиш ва ёритиш бахтига муяссар бўлдик – дейди. хуқуқшунос олимнинг мустақиллик шарофати билан эришган ва келажакда эришмоғимиз кўзда тутилган ютуқларимиз борасидаги ушбу фикри хеч кимимизни бефарқ қолдирмайди, албатта. "Мамлакатимиз тарихи шавкатли номларга бой ер. Биз буюк аждодларимиз – ал - Бухорий, ат -Термизий, Ахмад Яссавий, Бахоуддин Нақшбанд, ал – Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Бобур ва бугунги кунда бутун дунёга машхур бошқа шарқ донишмандларини ёд этамиз хамда улар билан фахрланамиз”- деб таъкидлаганларидек юртбошимиз, биз хозирги замон сиёсий-хуқуқий таълимотида ислом динида илгари сурилган ғояларни кенг миқёсда тахлил этиш сиёсий мухим ахамият касб этади деб ўйлаймиз. Ҳуқуқ ва диннинг, хуқуқий ва диний нормаларнинг ўзаро муносабати масаласи хам назарий, хам амалий ахамиятга молик. Бу масалага аниқлик киритиш бу икки ижтимоий регуляторнинг жамиятда тутган ўрни ва роли хақидаги тасаввуримизни кенгайтиради. Ижтимоий нормаларнинг бир тури сифатидаги диний нормалар – диндорлар учун бажарилиши лозим бўлган қоидалар, мажбуриятлар-фарзлар йиғиндисидан иборатдир. Бу қоидалар диндорларнинг турли тузилмаларининг ташкил этилиш ва фаолият юргизиш, шунингдек муайян бир динга хос бўлган диний таомилларни амалга ошириш тартибларини ўзида жамлайди. Диний нормалар хар бир диннинг муқаддас манбаси бўлмиш диний китобларда мустахкамланган (масалан, Қуръони –Карим, Сунна, Талмуд, Эски Ахд, Янги Ахд ва шу кабилар.) Мусулмон хуқуқининг манбалари юридик характерга эга ва уларда муслимнинг хаёт йўлини белгиловчи қоидалар тўпланган.Диний ва хуқуқий нормаларнинг ўзаро харакати шунчалик қалинлиги боис баъзи хуқуқий тизимлар диний хуқуқий тизимлар деб юритилади: масалан, мусулмон хуқуқий тизими, хинд хуқуқий тизими. Янги тарихимиздан маълумки, ўтган асрнинг 20 йилларида Ўрта Осиёнинг баъзи худудларида мусулмон хуқуқи нормаларининг қўлланишига йўл қўйилган. Тараққиётнинг хозирги даврида хуқуқий ва диний нормалар ўртасидаги муносабат давлатимиз томонидан виждон эркинлигининг, яъни хар бир шахс истаган динига эътиқод қилиши ёки умуман хеч бир динга эътиқод қилмаслиги эркинлигининг кафолатлаши, диний ташкилотлар фаолиятининг хуқуқий асосларини белгилаши сохасидаги муносабатларда кўринади. Жамиятимизда турли динларга эътиқод этувчилар учун ўзларининг диний расм-русумларини, таомилларни хеч бир тўсиқларсиз ўтказишлари учун шароит яратиб берилган. Диний байрамлар хисобланмиш Рўза-хайит ва Қурбон хайитлар диний таомилларимизни эътиборга олган холда расмий байрам – дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Таъкидлаш керакки, хуқуқ нормалари билан диний қоидалар ўртасидаги муносабат мохиятини тушунишда, бу икки регуляторнинг жамиятдаги мавжуд ахлоқ нормалари билан муносабатини, шунингдек хуқуқнинг давлат билан ўзаро муносабатини аниқлаш мухимдир, чунки хуқуқда, диний нормаларда, давлатнинг олиб бораётган сиёсатида боқий ахлоқий қадриятлар, масалан, «бировнинг жонига қасд қилма», «бировнинг мулкига кўз олайтирма», «бировни хақорат қилма», «бировга зарар етказма» каби ахлоқий кўрсатмалар ўзининг ифодасини топади. Ушбу маърузада айнан ислом дини тамойилларидаги ғоялар кенг ва мулохазали тахлил этишга харакат қилинади. Жумладан, Ислом дини хусусида фикр юритар эканмиз, унинг асосий тармоқларидан бири бўлган фикх-ислом хуқуқшунослиги тўғрисида мулохаза юритмасдан иложимиз йўқ. Ислом хуқуқшунослиги илк ислом даврида, Пайғамбар алайхисалом хаётлигида хали шаклланиб улгурмаган эди. Чунки у даврда барча хуқуқий масалалар Мухаммад алайхисаломнинг бевосита кўрсатмаларига биноан хал этиларди. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин ислом оламида янги қонун ва қоидаларнинг пайдо бўлиш жараёни тўхтаган хисобланади. Ана шу даврдан бошлаб барча хуқуқий муаммолар Қуръони Каримда ва Пайғамбар алайхисалом суннатларида кўрсатиб берилган қонун ва қоидалар асосида хал этиладиган бўлди. Аллох элчисининг намунали ишлари, маърифат, имон, эътиқод, адолат, холислик, поклик ва бошқа инсоний фазилатларга тегишли ибратли сўзлари, панд-насихатлари унинг номи билан боғлиқ хадисларда мужассамланган. Жамият хаётининг турли сохаларида вужудга келадиган барча хуқуқий масалалар ўз-ўзидан Қуръонда тўлиқ қамраб олинмаган. Шунинг учун хам бундай масалаларга Қуръондан жавоб топа олмаганларида, уларни хал этиш учун пайғамбаримиз мухаммад Саллолоху алайхи васаллам ана шундай холатда қандай харакат қилган бўлсалар, ўша харакатни ёки айни шундай хуқуқий низони хал этиш юзасидан айтган гаплари- хадисларини асос қилиб олганлар. Чунки, хадислардаги кўрсатмалар хар бир мусулмон учун мажбурият хисобланади. Уларда умумий ва қабилавий умумий хуқуқ тартибида келиб чиққан хуқуқлар эса ўзига хос равишда тавсиф қилинади. Албатта, ушбу марузаларда исломшунос ва фикхшунос олимларимизнинг илмий асарларига мурожаат қилмай ўтолмаймиз. Чунки улар хадисларнинг бизгача "сахих” ва "носахих” шаклида етиб келишида муносиб хизмат кўрсатганлар. Жумладан, бу муборак хизматга биринчилардан бўлиб, Имом ал-Бухорий, хаким ат-Термизий, Махмуд аз-Замахшарий каби мухаддисларимиз қўл урганлар. Юртбошимизнинг: "Ўтмишдаги алломаларнинг бебахо мероси қанчадан-қанча авлодларнинг маънавий-рухий онгини ва турмуш тарзини шаклантирган эди ва у хамон таъсир кўрсатмоқда”, - дейиши яна хам фикримизнинг исботидир. Бироқ буларнинг барчасига миллий истиқлолга эришганимиздан сўнг юқори даражада эътибор берилиб янгидан чоп этилиши хам мустақиллик шарофати биландир. Шу ўринда буюк хадисшунос олимларимиз бир неча юз минглаб хадисларни йиғиб, уларни айтиб ўтганимиз каби турларини аниқлашдек, мухим вазифани адо этганлар. Булардан энг аввало сахих хадисидир. Сахих хадис - тўғри ва ақл-идрокли киши тўғри ва ақл-идрокли кишидан ривоят қилинган бўлиб, . Сахих хадиснинг тўпловчиси, асосчиси ислом оламида энг етук ва машхур мухаддис Абу Абдуллох Мухаммад Ибн Исмоил ал-Бухорий хазратлари бўлган. Улуғ бобокалонимиз ал-Бухорий хижрий 194-йилда Бухорода таваллуд топганлар. Ўн ёшга тўлмасларидан илми хадис ўрганмоққа киришганлар. Ўн олти ёшларида оналари ва акалари билан бирга хажга бориб, тўрт йил Маккада яшаганлар. Сўнг пайғамбарими Мухаммад алайхиссаломнинг хадиси шарифларини тўплаб, тартибга солмоқ ниятида бир қанча ислом мамлакатларини кезиб, шайху уламолардан кўплаб хадисларни ёзиб олганлар. Жами 600 минг хадис тўплаб, шулардан 100 минг "Сахих” ва 200 минг "ғайри Сахих” хадисларини ёд олганлар. Имом Исмоил ал-Бухорий хазратларининг ал-Жомиъ ас-Сахих” тўрт жилдлик хадислар тўплами мусулмон оламида энг "сахих”, "ишончли” хадислар тўплами дейилиши бежиз эмас Мухаддис олимлар ўзларининг баракали хизматлари билан пайғамбар ва сахобалар номидан турли мақсадларни кўзлаган хамда сохта хадислар тўқишга уринган ва уринмоқчи бўлган шахслар йўлини тўсган ва унга ғов солганлар. Шу боисдан бўлса керакки, кейинги давр уламолари мазкур устозлар ва шогирдлар асрини хадис илмининг тахқиқлаш ва тадқиқ этиш борасида "Олтин аср” деб хисоблайдилар. Замон ўтиши билан ислом дини кенг миқёсда тарқалиб, турли динларга мансуб кишилар унга ўтгани, айрим сиёсий, ижтимоий ва ақидавий сабабларга кўра мусулмонлар орасида юзага келган қарама-қаршиликлар оқибатида, ислом мухолифлари томонидан кўп тўқима хадислар ишлаб чиқилиб тарқатила бошлажи ва бу ходиса ушбу манбадан қатъий ишонч билан фойдаланишни оғирлаштирди. Шу вақтларда хадисларни чуқурроқ ўрганиб, тахлил қилиш, орасидан тўқима хадисларни чиқариб ташлаш ва фақатгина хақиқий хадислар, яъни ислом Пайғамбаридан ривоят қилинган хадислардан хуқуқий манба сифатида фойдаланиш зарурати юзага келди. Бундай ёндошув бир томондан хадисшунослик илмининг ривожланишига сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан, янги хуқуқий мактаблар (мазхаблар)нинг юзага келиши учун замин яратиб берди. Таниқли исломшунос олим А.Ш.Жузжоний домла ўзининг "Ислом хуқуқшунослиги” асарида шариат илмларининг бир қанча турларини кўрсатиб ўтган бўлиб, улар қаторида хадис илмига хам алохида тўхталиб ўтган. Замон ўтиши билан хадислар сони кўпая бориб, хилма-хил тўқима хадислар хам уларга қўшила борди. II хижрий асрдан бошлаб уларни тўплаш ишларига катта эътибор қаратилган ва биринчи тўпламлари кўпинча фиқхий масалаларга оид хадисларни ўз ичига олган. II хижрий аср охирларига келиб, мукаммалроқ усулларга таяниб янги тўпламлар (муснадлар) тузилган. Мазкур тўпламлар муаллифлари қаторида Марвик машхур мухаддси Ибн Муборак ва Абу Сулаймон ал-Жузжоний катта ўрин тутганлар. Ҳадисларнинг биринчи тўпламлари кўпинча фихқий-хуқуқий масалаларга доир хадисларни ўз ичига олган. Иккинчи хижрий аср охирларига келиб (VIII аср аввалари), мукаммалроқ усулларга таяниб, янги тўпламлар (муснадлар) тузилган. хижрий учинчи асрда сахих хадисларни сохта ва тўқима хадислардан ажратиб олиш учун хадислар ровийларини танқидий услубда текширик зарурати юзага келган. Бу эса олтита энг сахих китоблар (Сихохи ситта)ни тўплаш даври эди. Улар Сахих ал-Бухорий, Сахих, ал-Муслим, Жомеъ ат-Термизий, Абу Довуд, Ан-Насоий ва Ибн Можа "Суннаи”ларидан иборатдир. Мазкур олти буюк мухаддислардан икки киши (Имом Бухорий ва Илом Термизий) Мовароуннахрга, тўрттаси эса Хуросонга мансуб бўлган. Ҳадис илмининг ривожи учун буюк мухаддис олимлар ўзларининг фидокорона беқиёс хизматларини аямаганлар. Уларнинг бу каби самарали, шу билан бирга шарафли амаллари натижасида "Улум ул-хадис” ("хадис илми”) вужудга келди ва бу алохида фан сифатида шаклланди. Бу хусусда профессор А.Саидов: "хадис илмида (илм ул -хадис) пайғамбаримиз хазрати Мухаммад алайхиссаломнинг сўзлари, юриш-туришлари тўғрисида сўз кетади. У икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи Ривоятул- хадис ва иккинчиси Дироятул-хадис илмларидир. Усули хадис деб аталган Ривоятул хадисда қандай қилиб ривоятлар орқали пайғамбарга етиб келгани, уларнинг ишонарли ёки ишонарли эмасликлари ва шу каби масалалар ўрганилади, Дироятул - хадисда эса араб тилининг грамматик қоидалари ва шариат усулларига асосланиб, хадислар матнидаги сўзлар мазмуни ва уларнинг мақсади хақида бахс қилинади” - деб ўз асарларида айтиб ўтган. Эътибор беринг: ҳадис фиқхини билиш илмига уламолар нихоятда эътибор берганлар. Чунки хадис асосида хукм чиқариш зарур бўлган холларда, уларни синчковлик билан қараб, содир этилган хар бир ишга мазмун жихатдан мос хадисни танлаб фихқий ахкомларни чиқара олиш исломшунос ва фихқшунослардан теран мушохада, ақл-идрок, ўткир зехн ва кучли билимдонликни талаб этган. Бу илмда мухаддис уламолардан Ибн Шихоб аз-Зухрий, Абдурахмон Ибн Амр ал-Авзоъий, Абдуллох ибн Муборак, Ахмад ибн Ханбал ва бошқалар машхур бўлганлар. ҳадис илмининг истилохлари Абу Исо Мухаммад ат -Термизий хазратлари ўзининг "Сунани Термизий” китобида "хадис илмининг истилохларини қуйидаги турларга бўлиб ўрганишни тавсия этганлар. хадис ва Суннат, Хабар ва Асар, хадиси Қудсий, Муснид, Мухаддис, хофизлар кабилардир. Мана шу тўрт гурухга бўлинган хадис илми истилохларини қуйида кўриб чиқишга жазм этдик. "хадис ва Суннат” мухаддисларнинг, хусусан, кейинги олимларнинг фикрича, "хадис” ва "суннат” бир маънодаги икки сўздир. хадис ёки суннат Пайғамбар алайхиссаломнинг сўзлари, феъл-атворлари ёки бирор тахрирлари (бирор масаладаги розиликлари) ёхуд бирор сифатларининг ифодасидир, яъни шаръий хукмларидир. Аммо бу икки лафзнинг тарихи ва луғавий асосларига диққат қилинса, қўлланиши борасида луғат ва истилох жихатдан нозик фарқлари борлиги кўзга ташланади. хадис — сўзлашув ва хабар бериш маъносида келган нақлнинг (баён ва ифоданиниг) номидир. Яна бир таърифда эса, хадис — Қуръони каримдан кейин турадиган Ислом шариати ахкомларининг иккинчи шариати хисобланади. "Анъанага кўра, хар бир хадис икки таркибий қисмдан иборат бўлган. Биринчиси: Иснод (арабча тиргак, далил, асос) бўлиб, унда хадиснинг бошланишида уни биринчи бўлиб айтган ва эшитган кишилардан бошлаб, хадисларни тўпловчигача барча шахсларнинг исмлари бирма-бир кўрсатиб чиқилади ва бу хадиснинг асоси, далили хисобланади. Фақат шундан кейингина хадисни иккинчи таркибий қисми матни, яъни пайғамбаримизнинг хатти- харакатлари ёки сўзлари мазмуни баён қилинади”. хадис тўпламлари хуқуқ меъёрлари билан бирга маросимлар кўрсатмалари, ибодат қилиш қоидалари, овқатланиш хақидаги тушунчалар, ахлоқ ва кундалик юриш —туриш меъёрларини хам ўз ичига олган. Суннат эса - Сунна - арабча сўз бўлиб, "одат”, "анъана”, "хатти- харакат тарзи” маъносини англатади. Сунна - бу биз мусулмонлар учун ибрат бўлган Пайғамбаримиз сўзлари, амаллари ва хатти-харакатларидир. Сунна хақидаги ривоятлар пайғамбаримизнинг сахобалари, сафдошлари тилидан ёзиб олинган бир неча минг хадисларга жамланган. Сунна хам хуқуқ борасидаги Қуръондан кейинги манба хисобланган ва хуқуқий хаётнинг Қуръонда кўрсатилмаган у ёки бу холати бўйича низоларни хал этишда қўлланилган. Яна бир бошқа адабиётда эса "Суннат” сўзига "тариқат - маънавий йўл” деб хам таъриф берилади. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар алайхиссаломнинг суннатлари, деганда тарқатлари, йўлларини тушунамиз. Расулиллохга итоат қилмасдан, у зотнинг хукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслиги Қуръони Каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйилган. Аллох Таоло Қуръони Каримнинг "Нисо” сураси 65-оятида; 7 қатор Яъни "Йўқ! Раббингга қасамки, улар токи, сени ўз ораларида чиққан нарсага хакам қилмагунча, сўнгра Сен чиқарган хукмдан нафсларида танглик топмайдиган бўлмагунларича ва тўлалигича таслим бўлмагунларича, зинхор мўмин бўла олмаслар”, - дейди. Шунга биноан мўминлар ўз хаётларида юзага келган хар бир муаммони хал қилишида Расули Акрамни, у зотнинг Суннатларини хакам қилиб олмоқлари лозим. У зотдан чиққан хукмни эса, кўнгилларида хеч бир танглик топмай амалга оширмоқлари, ўша хукмга тўлалигича таслим бўлмоқлари керак. Акс холда мўминлик даъвосини қилишга асло хақлари йўқ. Бу суннатнинг шариатимизда Қуръондан кейинги иккинчи ўриндаги масдар эканини қаттиқ таъкидловчи далилдир. Имом ал-Бухорий айтадики, "Хотирамда юз мингта сахих хадис бордур" — деб. Бу маълумотлардан кўриниб турибдики, ислом оламининг забардаст хадисшуноси, олими имом Бухорий хазратлари хам "Сахих" хадис тўплашда илдамликни қўлдан бермаганидек, хадисларни ёдлашда хам мухаддислардан анча илгарилаб кетган эканлар. Албатта, бу, айниқса биз ёш авлодни буюк аждодларимизга бўлган мехримизни ва хурмат-эхтиромимизни қалбимизда жўш уришига асос бўла олади. Ислом қонунчилигида хадисларнинг ўрни Шарқ халқлари, жумладан, Марказий Осиё халқлари тарихида Ислом маънавияти фалсафаси ва шариат хуқуқий тафаккури шаклланди, тараққий топди ва хозир хам ривожланиб бормоқда. Шу боис, умумбашарий қадриятларга содиқлик билан бирга, миллий — тарихий ва хуқуқий — маънавий меърос ва анъаналарни, исломий қадриятларни тиклаш ва кенг кўламда талқин этиб авлодларга таништириш давр тақозоси хисобланади. Исломий қадриятлар халқимизнинг хуқуқий бойлиги бўлиб, миллатимиз рухиятининг асосини ташкил этади. Шундай экан, бу танлаган йўлимизда хадисларнинг ахамияти беқиёсдир. Қуръони Карим билан биргаликда Сунна хам мусулмонларнинг эътиқодини белгиловчи, маънавий ва диний виждонини шакллантирувчи, шунингдек, уларнинг юриш-туришини, ўзаро муносабатларини тартибга солувчи диний, ахлоқий ва хуқуқий меъёрлар тизими хисобланади. Айтишларича, Мухаммад алайхиссаломдан янги дин тарафдорларига улар учун мажбурий бўлган хулқ-атвор қоидаларини кўпроқ илохий вахийга таяниб маълум қилган, унинг сафдошлари ва издошлари эса шундай қоидаларни белгилашда бевосита Қуръон хамда пайғамбар хадисига мурожаат қилганлар. Қуръон ва суннанинг қоидалари аста-секин қозилар томонидан кўриб чиқилаётган ишлар бўйича қарорлар чиқаришда риоя қилиш керак бўлган бирдан-бир йўл-йўриқлар деб танила бошланди. Хадисларнинг шариатда қўлланилиши Ислом динининг асосий қонуни (дастур ул—амали) бўлган Қуръони Каримдан кейин унинг изохловчиси ва баён этувчиси бўлмиш Расулиллохнинг сўзлаган хикматли гаплари ва қилган ишлари, яъни қавмлари, феъллари ва тақдирлари- ул зотнинг хадислари хисобланиши барчамизга маълум. ҳадисларни ўқир эканмиз, унда инсофу-адолат, одиллик масаласига катта эътибор берилганлигининг, гувохи бўламиз. Айниқса, қозиларнинг виждонли, одил бўлиши, хукм чиқараётганда етти ўлчаб бир кесмоқлиги, жахл устида бировни жазоламасликлари зарурлиги уларда такрор-такрор уқтирилган. Барча мусулмон ахли сунна уламолари, уларнинг қайси мазхабга мансуб бўлишларидан қатъий-назар, инсондан содир бўлган хар қандай ишга, у айтган хар-бир сўзга, улар ибодат бўладими, муомала бўладими, жиноят бўладими, жазо бўладими ёки оилага тааллуқли масала бўладими, барибир, Ислом шариатида уларга яраша хукм борлигига иттифоқ қилганлар. Ана шу хукмларнинг баъзиларини Қуръони Карим оятлари хамда Расулиллох саллоллоху алайхи васалламнинг хадиси шарифлари баён қилиб берилган. Расулуллох хукм чоғи эхтиёт бўлишга чақириб: "Агар бирортангиз икки мусулмон ўртасида қозилик қиладиган бўлсангиз, ғазабланиб туриб хукм қилманг. Хусуматлашиб қозихонага келувчиларга гап-сўз, имо-ишора, жой кўрсатиш, хатто қарашда хам тенг ва бир-хил бўлинглар”, - дейди. Кўриниб турибдики, бирор масалага узил-кесил жавоб бериш учун киши анча илмга эга бўлиши, адолат нималигини билиши, кўплаб китобларни мутолаа қилган хамда, у хақда бошқа уламоларнинг фикрларидан хабардор бўлиши лозим. Акс холда сўралганда масалани яхши билмай жавоб берган кишилар Жаноби Пайғамбаримизнинг қуйидаги хадисларида сифатланганлар қаторида гунохкор бўлишлари мумкин. Яъни "Бировга илмсиз берилган фатвонинг гунохи фатво берган кишига бўлур”—дейилган. Расулуллох алайхиссалом дан содир бўлган хар бир сўз ё қилинган иш ё тақрирлар, агар улардан кишилар эргашсинлар деган мақсадда шаръий қонун чиқарилиб, бизга сахих хадислар орқали етиб келган бўлса, хужжат хисобланишига мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Шу ўринда Расулуллохнинг муборак хадисларидан келтирадиган бўлсак: "Икки қози дўзахдаю бир қози жаннатдадир. ҳақиқатни билиб, хаққоний хукм қилган қози жаннатдадир.хакикатни билиб қасддан жабр қилган қози билан хақиқатни билмасдан хукм қилган қози дўзахдадир” — деб хукм чиқариш хуқуқи берилган шахсга адолатли, хақ хукмни чиқаришликни уқтиради. Яна бир муборак хадиси шарифларида эса. шариат илмининг пешвоси хисобланган қозилик мартабаси хақида сўз юритиб, ушбу мартаба энг масъулиятли эканини таъкидлайди. Шунинг учун хам қозилик мартабасига ўша пайтларданоқ кишилар орасидан энг билимлилиги, шариат ахкомларини чуқур ўрганган, Қуръон ва хадисларни ёд олган шахс танлаб олиниб, давлат бошқарувида алохида ахамиятга эга мансабдор шахс томонидан тайинланган. Кимки, қозиликка ўз хохишича, таниш — билиш орқали эришмоқчи бўлса, уни йўли тўсиб қўйилган. Бу борада Расулуллох: "Кимики турли воситалар орқали қозилик мансабини эгаллаган бўлса, у ўз холига ташлаб қўйилади. Бордию ўзи хохламаганда, уни мажбуран қози қилиб қўйилса, Аллохи Таоло унинг сўзларини тўғрилаб турувчи ёрдамчи бир фариштани хамрох қилиб қўяди”—дейилган. Шу аснода ушбу хадисни бугунги кунимиздаги амалий ахамиятига назар ташлайдиган бўлсак, хақиқатдан хам бизнинг Республикамизда вилоят, туман ва шахар судьяларининг Президент томонидан тайинланиши хамда уларга инсонларнинг тақдирини адолатли, қонуний равишда хал қилишдек, масъулиятли вазифа юклатилишига монанд келади. Демак, инсон тақдири бобида хукм қилувчи судьяларнинг Конституция, Қонунлар, Кодекслар қатори муқаддас оят —хадис ахкомларини хам яхши билишлари фойдадан холи бўлмайди. Айни чоғда, ундай хадис ёки суннат шаръий хукмлар олинадиган масдар— манбадир. Мужтахидлар ундай масдардан мукаллафлардан содир бўлган ишларга шаръий хукмларни чиқариб оладилар. Бошқача қилиб айтганда, ўша хадис ёки суннатларда келган хукм Қуръонда келган хукмлар билан баробар хуқуққа эга бўлган бўлиб, унга тобеъ бўлиш, итоат қилиш барча учун вожибдир. Гарчи у хадис ёки суннат Қуръондаги хукмни баён қилиб келганми ёинки, Қуръонда зикр этилмаган хукмни — фарқи йўқ. Чунки улар хаммаси гунохдан сақланган, Аллох баён қилиб беришича хуқуқини берган зотдан содир бўлгандир. Шу ўринда журналист Ў.Саидов: "Расулуллох хадисларида адолат, тўғрисўзлик нақадар улуғланган. Бундан хар бир инсон, айниқса, хуқуқ — тартибот идоралари тегишли хулосалар чиқариб олмоғи даркор. Чунки, Ўзбекистонда хуқуқий давлат барпо этишимизда уларнинг ахамиятлари беқиёсдир. Зеро хадислар инсонга денгиздаги маёқдек тўғри йўлни кўрсатиб туради.
|