МИРЗО УЛУҒБЕК Маълумки, Амир Темурнинг Жаҳонгир, Умаршайх, Мироншоҳ, Шоҳруҳ номли ўғиллари бўлган. Муаррихларнинг ёзишича, 1494 йилда Умаршайх Бағдод яқинидаги қалъани ишғол қилишда ҳалок бўлган. Жаҳонгир 1376 йил вафот этган. Мирзо Мироншоҳ Табризда Қора Юсуфга қарши жангда (1389—1402) ҳалок бўлади. Мирзо Улуғбек (1394—1449) Шоҳруҳнинг катта ўғлидир. Мирзо Улуғбекнинг исми Муҳаммад Тарағай бўлиб, у Темурнинг «беш йиллик уруши» (1392—1396) даврй — Ироқ ва Озарбайжонга қарши юришида Султония шаҳрида туғилди. Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим Чиғатой амирларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди. Муҳаммад Тарағай тарбияси билан Темурнинг хотини Сарой Мулкхоним шуғулланган. Мирзо Улуғбек болалигидаёқ бобоси Темур изида «угурук» яъни, ҳарбий қўшин орқасида юрарди. У кўп шаҳарларда бўлган. Унга 1397 йилдан шоир, олим Ориф Озарий мураббий қилиб тайинланган. Улуғбек ўн ёшга кирганда Амир Темур уни тўрт невараси қатори уйлантирди. Унинг қайлиғи Ўгай бека бўлиб, у Муҳаммад Султоннинг қизи эди. Ўгай беканинг онаси Олтин Ўрданинг хони Ўзбекнинг (1312— 1342) хонадонидан келиб чиққани учун Улуғбек ҳам Кўрагон номини олган. Муҳаммад Султон эса Улуғбекнинг амакисидир. Амир Темур ўлгандан кейин унинг ўғли ва неваралари орасида тожу тахт учун кураш бошланди. Самарқандни Халил Султон эгаллаб олган эди. Фасиҳ Хавофийнинг ёзишича, Темур вафотидан сўнг унинг тирик қолган фарзанд ва неваралри ўттиз олтита экан. XV асрнинг 20-йилларга келиб Шоҳруҳ бутун Темур меросини қўлида тўплаган эди. Улуғбек 1409 йилда Самарқандни, Иброҳим Султон 1414 йил Шерозни, Суюрғатмиш 1418 йилда Қобул, Ғазна ва Қандаҳорни идора қилмоқда эдилар (ЎзССР тарихи, том, 473-бет). Улуғбек 1409 йилдан бошлаб Мовароуннаҳр ҳокими бўлган. Шу боис жангу жадал, фитнаю фасод, мағлубияту ғалаба, қувончу қайғу гирдобига Улуғбек ҳам тушган эди. Лекин у пайғамбар алайҳиссаломнинг, бешикдан қабргача илм изла, деган ҳадисларига доимо амал қилган. Улуғбек Аҳмад Фарғоний, Форобий, Мусо Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём асарларини ўрганади. Ва бу мутафаккирлар орқали юнон олимлари Афлотун, Арасту, Гиппарх, Птоломей билан танишади. Ғиёсиддин Жамшид Кошонийнинг ёзишича, Улуғбек донишманд бўлган. Қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан билган... Араб тили навҳ ва сарфини яхши ёзган. Шунингдек, фиқҳ (ислом қонуншунослиги)дан анча хабардор; мантиқ, маъноларнинг баёни ва усулларидан ҳам бахабар. Ул зоти шариф риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган. Улуғбек 1417 йил Бухоро шаҳрида, 1417—20 йилларда Самарқандда, 1432 йилда эса Ғиждувонда мадраса қурдирган. Бухородаги мадраса дарвозаси пештоқига пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Мусулмонларнинг барча эркак ва аёли илм олмоғи фарздир», деган ҳадислари ёзиб қўйилган. Мирзо Улуғбекнинг Ғиждувонда қурдирган мадрасаси улуғ авлиё Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараларининг қибла томонидадир. Нақл қилишларича, Абдулохолиқ Ғиждувонийнинг ҳужралари ўрнида бу мадраса бино қилинган экан. Улуғбек расадхонаси (1424—1429) бутун Ғарбу Шарққа донг таратгандир. Унинг астрономияга оид «Зижи жадиди Қўрагоний» (1437) асари жаҳон тилларига таржима қилинган. Улуғбекнинг бу китоби 1685 йил Оксфордда. 1853 йил Парижда, 1917 йил Америкада, 1943 йил Лондонда ва бошқа жойларда босилиб чиққан. У «Тарихи арбаъ ва улус» («Турк улуси тарихи») китоби ва мусиқага оид рисолалар муаллифидир. У ўз «Зичи»да 1018 юлдуз ҳолатиини тасвирлаган. Улуғбек қурдирган мадрасаларда илоҳиёт билан бирга, илми ҳайъат, тиббиёт, риёзиёт, хандаса, тарих, жуғрофия, илми аруз каби дунёвий билимлар ҳам ўргатилган. Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Алоуддин (Али Кушчи), Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад ҳамда Мирзо Улуғбекнинг ўзи ушбу мадрасада мударрислик қилган. Ғиёсиддин Жамшиднинг астрономияга оид «Зичи ҳоқоний», «Осмон карвони», математикага доир «Ҳисоб калити», «Доира ҳақида рисола», Қозизода Румийнинг «Арифметикага оид рисола», «Астраномиянинг моҳиятига доир изоҳлар», «Шакллар асосига шарҳ», «Синус ҳақида рисола»лари диққатга сазовордир. Зайниддин Восифийнинг «Бадоиъул вақоиъ» асарида қайд қилинганки: «Улуғбек мадрасаси битгач, анинг саҳнинда катта йиғин бўлди. Йиғинда Улуғбек Мирзодан сўрадилар: «Мадрасанинг биринчи муддарриси ким бўлғай?» Улуғбек Мирзо: «Барча илмларнинг саромади бўлғон киши ушбу мадрасага мударрис этиб тайинлангай», деб жавоб қилдилар. Ушбу йиғинда ҳозир бўлган ва ғишт уюми устида ўлтурган бир шахс ўрнидан дафъатан туриб, Мирзога таъзим қилди ва: «Ушбу мартабага мен муносибдурмен», деди. Улуғбек Мирзо ани имтиҳон қилди, илму камолотига ишонч ҳосил этгач, ани ҳаммомга олиб бориб, ювиб-тараб кийинтиришни буюрдилар. Ул зот Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад эди. Мадраса очилғон кунни Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад мударрис ўрнида биринчи дарсни ўқидилар. Дарсда олимлардан тўқсон нафари ҳозир эрди, лекин дарсни Улуғбек Мирзо билан Қозизода Румийдан бошқа ҳеч ким тушунмади». Муаррихларнинг ёзишича, Мирзо Улуғбек 1416 йил шарқий Туркистонни ўз давлатига қўшиб олган. Мирзо Улуғбек беш ўғил ва беш қиз кўрган. Уғли Ибодуллоҳ Мирзо беш ёшарлигида, Абдуллоҳ Мирзо ўн уч ёшарлигида, Абдураҳмон Мирзо ўн икки ёшарлигида вафот этган. Абдулазиз Мирзони Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф 1449 йил ўлдиртиради. Абдулатиф буйруғига мувофиқ, Аббос Мирзо Улуғбекни ўлдирган. Ушбу мудҳиш воқеа 1449 йил содир бўлган эди. Абдулатифнинг номи тарихда падаркуш Шеруя, Мунтасирлар қаторида бадном бўлиб қолди. Тожу тахт кўзни кўру қулоқни кар қилар экан. Низомий Ганжавий ёзганки: Падаркуш подшоҳиро нашояд, Агар шояд, ба жуз шаш моҳ напояд. Мазмуни: падаркуш шоҳ бўла олмас, агар бўлса, ҳукмдорлиги олти ойга етмас. Дарҳақиқат, Абдулатифнинг ҳам шоҳлиги узоққа бормади. Бобо Ҳусайн Баҳодир камонидан отилган ўқ падаркуш Абдулатифнинг барча қабоҳатларига 1450 йил 9 майда чек қўйдц. Улуғбекнинг қизларидан бири Робия Султонбегимни Абулхайрхон ўз никоҳига олган эди. Робия Султонбегим хондан икки ўғил кўрди. Улар Суюнчхожаҳон ва Кунчкунчихонлардир. Улуғ поляк астрономи Ян Гевелийнинг (1611—1687) «Астрономия даракчиси» номли китобида Мирзо Улуғбекнинг иккита сурати берилган. Биринчи суратда Улуғбек мунажжимлар илоҳи Ураниянинг ёнида овруполик тўрт йирик астроном — грек Птоломей (эрамиздан аввал тахминан 170 йил вафот қилган), немис шаҳзодаси Гасс (1532—1592), даниялик Тихо Браго (1546—1601) ва итальян Жан Батист Риччиоли (1598—1671) билан тасвирланган. Иккинчисида эса яна ўша Урания билан бирга жаҳонга донғи кетган тўққизта астроном тасвирланган (Б. Аҳмедов). Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкиратуш шуаро»да шундай ёзган:.. олим, одил, ғолиб ва ҳимматли подшоҳ Улуғбек Кўрагон юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди. Унинг даврида фозиллар мартабаси чўққига кўтарилди... Фозиллару ҳакимларнинг якдил фикрлари шуки, исломият замонида, балки Искандар Зулқарнайн давридан то шу дамгача Улуғбек Кўрагондек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўтирмаган. У отаси Шоҳруҳ баҳодир ҳукмронлиги даврида Самарқанд ва Мовароуннаҳрни қирқ йил мустақил идора этди. Улуғ ўзбек шоири Саккокий Улуғбекнинг замондоши эди. Шоир Саккокий Улуғбек ҳақида қуйидаги байтларни ифтихор билан битган: Салотин дунёда кўп келдиго кетти, сенингдек бир — Фалакнинг гар тили бўлса ойитсунким қачон келди... Фалак йиллар керак сайр этсаю келтурса илкига Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони. Алишер Навоий ҳам Улуғбекка бағишлаб ўлмас мисралар тизган: Темурхон наслидин Султон Улуғбек, Ки олам кўрмади султон анингдек... Билиб бу навъ илми осмоний, Ки андин ёзди «Зичи Кўрагоний». Қиёматга декинчи аҳли айём, Ёзурлар онинг аҳкомиддин аҳком.
|