ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ас-Самарқандий Хожа Аҳрор Валий номи билан бутун дунёга танилганлар. Хожа Тошкент шаҳрида Абу Бакр Қаффол мозори яқинидаги гузарда 1404 йил туғилиб, 1490 йил Самарқандда марҳум бўлганлар. Хожа Убайдуллоҳ йирик сўфий, олим, нақшбандия тариқатининг улуғ намояндаси, шоир, буюк тарбиячидирлар. Хожа силсилаи шарифдаги ўн тўққизинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланадилар. Бу киши Шайх Таҳур авлодидан бўлиб, Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» китобида ёзилишича, лақаблари Носириддин, насаблари амирал мўъминин Умар Хаттоб розияллоҳу анҳумга бориб тақалади. Хожа Убайдуллоҳ ҳазрат Яъқуб ал-Чархийдан, Яъқуб Чархий Алоуддин Аттордан, Алоуддин Аттор Ҳазрат Баҳоуддиндан таълим олганлар. Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат»да ёзадиларки, ҳазрати Маҳдуми Нуран (яъни Жомий) «Нафоҳат ул-унс»ни битар замони машойих ва акобирдинки ҳаёт қайдида эрдилар, Ҳазрати Хожа Носириддин Убайдуллоҳдан ўзга кишини ул табаррук китобда зикр қилмадилар. Мир Саид Анвор Қосим, Шайх Баҳоуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий, Мавлоно Муҳаммад Асад, Мавлоно Саъдуддин Қошғарий, Хожа Абу Насрлар суҳбатидан Хожа Аҳрор баҳраманд бўлиб, таълим олганлар. Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпирзоданинг (1561 йил вафот қилган) «Аш-шақоиқ ан-Нўъмония» («Нўъмон ибн Собит мазҳабидаги биродарлар») номли асарида ёзилишича, Хожа Убайдуллоҳнинг неваралари Муҳаммад Қосим шундай ҳикоя қилади: «Хожа Убайдуллоҳ айтган эканларки, Аллоҳ Субҳонаҳу Таоло зикри бир мартагина ёдимдан кўтарилган. Ўн ёшлик пайтимда мактабга бораётган эдим. Тошкент кўчаларида лой бисёр бўлиб, балчиққа ботдим. Оёғимни лойдан чиқармоққа овора бўлиб, мени ғафлат босди ва Аллоҳ Таолони эсдан чиқардим.» Хожа Убайдуллоҳ Ҳирот, Самарқанд, Термиз, Балх, Шаҳрисабз, Урганч, Андижон, Бухорода бўлиб, илм олганлар. «..: Кўнглимда илм олиш истаги туғилиб, йигирма ёшимда Тошкентдан Мавлоно Низомиддин Хомушнинг хизматларига. равона бўлдим. У киши ўша пай-да Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида мударрислик қилар эдилар («Аш Шақбиқ ан-Нўъмония», араб тилидан Акром Ҳабибуллаев тажримаси). Нақл қилинишича, Хожа Аҳрор Самарқандга бориб, Мавлоно Хомуш дарс берадиган ҳужрага кириб, шогирдлар қаторида, бир бурчакда сукут сақлаб ўтирадилар. Мавлоно дарсни тугатиб, Хожа Аҳрорга қараб дейдиларки, нега жим ўтирмоқни ихтиёр айладинг? Даврада гапирмай; сукут сақлаб ўтирадиганлар икки тоифадир. Бири олий мақомга эришганлар бўлиб, ундайлар сукути буюклигидан ва камтарлигидан нишона. Иккинчиси эса билимсиз кишилар бўлиб, улар ўз нодонлигини яшириш мақсадида жим турадилар ва ҳийла ишлатадилар. Мавлоно Бухорога бориб, Хожа Алоуддин Ғиждувоний, Мавлоно Хусомиддинлардан ҳам таълим олганлар. Алишер Навоийнинг ёзишларича, нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросону Ироқ, Озарбайжону Рум, Мисру Хитой ва Ҳинддаги салотин (подшоҳлар) ўзларинн Хожа Убайдуллоҳ муридзодалари (эргашувчи, шогирдлари) деб билганлар. «Барча буюк хоқонлар Хожага қўллиқ, фармонбардорлик ва ихлос камарини белларига боғлагандилар. Хонлар бошларида подшоҳлик жиғаси ва белларида шоҳлик камари бўлган ҳолда, ул зоти шариф (яъни Хожа Убайдуллоҳ) ўзангуларида яёв югурар эканлар. Хожанинг эшикларидаги хизматчиларига қарши озгина одобсизлик кўрсатган киши давлат ва мамлакатдан, балки соғлиқ ва ҳаётдан ажралиб, ўз замонининг ибрати бўлур экан. Ул зоти шариф валоятлари ғоят баланд бўлиб, халқни истаган томонга қараб бошқара оларди» (Абу Тоҳирхожа, «Самария», Т—1991 йил, 27-бет). Хожа Убайдуллоҳ Султон Абу Саид илтимоси
билан яна Самарқандга қайтиб, Хожа Кафшир маҳалласида сокин бўлган эканлар. Хожа Аҳрор асҳобларидан иршодга (пирлик даражасига) мушарраф бўлганлар қуйидагилардир: Мавлоно Қосим, Мавлоно Хожа Али, Мавлоно Мир Ҳусайн, Мавлоно Муҳаммад, Мир Абдул-Аввал, Мавлоно Бурҳониддин, Мавлоно Лутфуллоҳ, Мавлоно Ҳусайн Турк, Дарвиш Жомий ва бошқалар. Нақл қилинишича, Хожа Убайдуллоҳ ўзларининг кибор асҳоблари ҳисобланмиш Мавлоно Қосимни халқ ҳожатини чиқариш учун хизмат юзасидан шоҳлар, амирлар ёнига жўнатар экан. Шоҳлар ҳам у кишини таъзим билан кутиб олар ва эл ҳожатини чиқараркан. Мавлоно шу қадар ширин гуфтор ва мақбул киши эканларки, у кишини бир кўрган одам суҳбатларинн қайта-қайта қўмсаб қоларкая. Ҳазрат Навоий ҳам Мавлоно Қасим суҳбатларида бўлиб, уларнинг волиқи (мафтуни) бўлган. Мавлоно Қосимнинг ўлими ибратлидир. Бир кун Ҳазрат Убайдуллоҳнинг сўл биқинларида санчиқ пайдо бўлиб, барча табиблар унинг давосида ожиз ва ҳазрат ҳаётлари хавф остида қолибди. Мавлоно Қосим бу ҳолни кўриб, дард юкини ўзларига тилабдилар. Шу дақиқадаёқ Хожа Убайдуллоҳ сиҳат топиб, Мавлоно Қосимнинг сўл биқинларига санчиқ ўтибди ва бир ҳафтадан сўнг шу касаллик билан Мавлоно марҳум бўлибдилар, яъни жонларини ўз пирларига фидо қилибдилар. Атоқли ўзбек олими Бўрибой Аҳмедов «Улуғбек» эссесида қуйидаги далилни келтирган: «Хожа Аҳрор эл-юрт бошига катта ташвишлар тушган пайтларда, яъни мамлакат уруш хавфи остида қолган вақтларда қўл қовуштириб четда турмаган. Масалан, 1454 йили Мовароуннаҳрга Абулқосим Бобир бостириб кириб, Самарқандни қамал остига олганда, 1463 йили уч ҳукмдор: Самарқанд подшоси Султон Аҳмад Мирзо бир тарафдан, Андижон ва Фарғона ҳокими Умаршайх Мирзо билан Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон иккинчи тарафдан Ховос ёнида бир-бирига қилич ўқталиб, лак-лак қўшинлар билан турганда, тахминан ўша йиллар Абдуллатифнинг ўғли Муҳаммад Жўқий билан амир Нурсаидбек Нурота ва Шоҳруҳия теварагида қўзғолон кўтарганда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бу можароларнинг ҳаммасига аралашиб, тарафкашларни ярашишга мажбур этдилар (217—218-бетлар). Демак, Хожа Убайдуллоҳ Ҳақ зикрини этиш билан бирга халқ ғамини еган. Хожа Аҳрори Валий деганлар: «Хожагон хонадонининг баъзисининг сўзи ва аҳволи баёнида ва уларнинг равишу тариқатидан, хусусан Хожа Баҳоуддин ва ул зотнинг асҳоби, қуддиса асрориҳум, маълум бўлурки, улар аҳли суннат ва жамоат эътиқодидадирлар ва шариат аҳкоми итоати ҳам Саййидул мурсалин йўли тобеълигини риоя қилурлар ва бандалик давомиким, Жа ноби Ҳақ Субҳону Таолога огоҳликнинг давомидир, шуур ва вужудга ортиқча заҳмат етказмай сақларлар. Шундай экан, бу азизларни инкор этувчи гуруҳлар ҳасад ва кўрмсизликдан бу ишни қилурлар. Ҳавоу ҳавас, ҳасад говмижжаси аларнинг кўзини кўр қилибдур, ноилож улардаги ҳидоят анвори ва валоят осорини кўролмаслар («Нафоҳтаул-унс», 394—395-бетлар, Н. Комилов таржимаси). Муҳаммад Қози Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг шогирдлари бўлиб, «Силсилатул Орифин» китобиниш муаллифидир. Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнул ҳаёт», Муҳаммад Қозининг «Силсилатул Орифин», Жомийнинг «Нафаҳатул унс», Навоийнинг «Насоимул муҳаббат» ва бошқа ўнлаб китобларда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валийнинг даража ва кароматлари дарж қилинган. Нақл қилиурларки, Мавлоно Жаъфар деди: «Бир кеча тушимда ҳазрат Эшонни кўрдим ва сўрадимки, банда қай ҳолатда Худога ета олгай? Уйқудан уйғониб, Хожа Убайдуллоҳ ёнларига борсам, менга қараб, дедилар: «Агар банда ўзидан фоний бўлса, Худога етади!» Жомий Хожа Убайдуллоҳни «Қаъбам мақсуди», Навоий «тариқат қутби», Бобур эса «Ҳазрат Убайдуллоҳ пирим» деганлар ва бу зотлар ўзларини Хожа Убайдуллоҳнинг муридлари санаганлар. Хожа Убайдуллоҳнинг ўгиллари Хожа Яҳёдир. Тожик халқининг классик шоири, зуллисонайн адиб Нақибхон Туграл Хожа Убайдуллоҳ авлодларидан ҳисобланади. Ул адибни 1919 йили қизил аскарлар отишган. Маълумки, қизил империя ҳукмронлик қилган даврда Улуғбекнинг қотили, халқни эзувчи руҳоний деб Хожа Убайдуллоҳга туҳмат қилинди. Лекин тарихий далиллар бу асоссиз, исботсиз туҳматни, уйдирма гапларни пучга чиқарди. Мавлоно Яъқуб Чархий: «Мусулмон бўлмоқ — одамлар дардига даво бўлмоқдир», деганлар. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ доимо мана шу ҳикматга амал қилиб, нақшбандия пирлари каби нафақат одамзот дардига, балки ҳайвонот, наботот олами дардига ҳам даво бўлиб яшаганлар. Хожа Убайдуллоҳ «Волидия», «Фикратул орифин», «Руқаот», «Хурсия» (ёки «Хавраия») асарларининг муаллифидирлар. «Волидия»ни ўзбек тилига Мирзо Бобур ихлосу эътиқод билан таржима қилган. Хожа ўнлаб масжиду мадраса, мактаб қурдирган. Юзлаб камбағалларга бошпана, кўплаб толиби илмларга моддий ва маънавий ёрдам берганлар. Бобур деганларки: Хожалар Хожаси ул Хожа Убайд, Ходиму чокари Шиблийу Жунайд. Ҳолату мартабаси зоҳирдур, Васфу таърифида тил қосирдур. Қуйидаги табаррук байтларни Хожа Убайдуллоҳ - Аҳрор ижод қилганлар: Нақшбандия ажаб қофиласолоронанд, Ки баранд аз роҳи ниҳон ба ҳарам қофиларо. Аз дили солики раҳ жазбаи суҳбаташон Мебарад васвасаи хилвату зикри чиларо. Қосире гар занад ин тоифаро таъни қусур, Ҳошалоллоҳ, ки борорам ба забон ин киларо. Ҳама шерони жаҳон бастаи йн силсилаанд, Рубаҳ аз ҳийла чи сон бигсилад ин силсиларо. Мазмуни: Нақшбандия пирлари ажаб сарбонлардирларки, яширин йўлдан карвонни Макка сари элтурлар. Суҳбатларининг жазбаси тариқат солики қалбидан хилват васвасаси ва чила зикрини суриб ташлайди. Агар бирор калтафаҳм бу тоифани қусур-камчиликда таъна қилса, Худо сақласин, мен бундай сўзни тилга олмайман. Жаҳоннинг барча пирлари шу силсила занжирига боғланган. Тулки ҳийла ила занжирни уза олмас (Н. Комилов таржимаси).
|