АМИР ТЕМУР Амир Темур (1336—1406) улуғ саркарда, нозиктаъб руҳшунос, қонуншунос, атоқли давлат арбобидир. У Кеш (Шаҳрисабз) даги Хожа Илғор (ҳозирги Якка Боғ туманидаги) қишлоқда туғилган. Амир Темурнинг отаси Амир Тарағай бадавлат бўлиб, Қозонхон (1333—-1346) ҳузурида соҳибмансаб эди. Кеш ва унинг атрофи эса Амир Тарағайнинг акаси Хожа Барлос қўли остида бўлган. Темурнинг «Таржимаи ҳол»ида ёзилган: «Отам менга дедики, бир кун тушимда юзидан арабга ўхшаган бир ёш, кўҳлик йигит келиб қилич берди. Мен қилични ҳавода ўйната бошладим, ўшанда анинг пўлат тиғини ялтирашидан буткул олам ёришди. Мен Амир Кулолдан бул туш таъбирини сўрадим. Амир Кулол бу тушимни ғаройиблигини, Аллоҳ менга бир ўғил ато қилишини ва у буткул дунёни забт этиб, ҳаммани исломга ўтказишини, ғафлат зулматидан халос қилишини айтди. Туш рост бўлиб чиқди. Аллоҳ, менга сени ато этди». Амир Темур ёшлиги Кешда ўтди. У 1361 йилда Кеш ҳокими бўлди. Ҳофиз Абрунинг ёзишича, Темур турк, араб ва Эрон тарихини чуқур билган ва амалий жиҳатдан фойда келтирадиган ҳар қандай илмни қадрлаган. «Темур қадди қомати келишган киши эди. Унинг бўйи новча, пешонаси кенг, калласи катта, овози гулдиракдай эди. Зўр жисмоний кучи қадар ботирлиги ҳам бор эди. У ўлимни писанд айламасди... Ёлғонни жинидан ёмон кўрар, ундан жирканарди. Ҳазил-мутойиба билан унинг кўнглини олиб бўлмасди. У ўз ҳузурида қароқчилик, қотиллик ва зино ҳақида сўйлатмасди. У тўғри сўзннинг гадоси эди, нечоғлик аччиқ ва аламли бўлмасин, бор ҳақиқатни тинглашдан бўйин товламасди». (Ибн Арабшоҳ). «Темур тузуклари»да ёзилишича, Саййид Барака, Зайниддин Тойбодий, Шамсиддин Кулоллар Амир Темурга пир бўлган. Шамсиддин Кулол Ҳазрат Амир Кулол Сухорий ал Бухорийнинг шогирдларидир. «Мақомоти Мир Қулол»да нақл қилинишича, Амир Темур Ҳазрат Мир Кулолнинг дуо ва ўгитлари шарофати билан жаҳонгир бўлди. Мир Кулол, доимо адл ва тақвони рўзғорингиз шиори айланг, деб насиҳат қилган экан. Дарвоқе, Темур қўлидаги узук кўзида «Рости—расти»— яъни, нажот тўғриликдадир, деган ёзув бўлган. Ул узук кўзини ҳам пири унга ҳадя қилган эди. Амир Темур ҳақида Ғарбу Шарқда жуда кўп китоблар битилган. Бу асарларнинг бир қисми тарихий бўлса, бошқаси бадиийдир. Албатта, бу китоблар ичида бир-бирига зид фикрлар ҳам бор. Баъзисида Темур тўкис инсон, ўзгасида эса жоҳил шоҳ сифатида тасвирланган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул мақдур фи ахбори Темур» («Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари»), Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи Саъдайн ва Мажмаи баҳрайн», шунингдек Ибн Халдуннинг, Хурдодбеҳ, Ибн Мисквайхнинг Шарқда, Ғарбда эса Клавихо Руи Гонзелес («Буюк Темур»), инглиз шарқшунос олимаси Хильда Хукэм, олмониялик Ганс Роберт Ромер, фарангистонлик Жан Поль Рокс, америкалик Жон Вудис ва Беатрица Манэнинг асарлари машҳур ва маълумдир. Й. В. Гёте ўзининг «Ғарбу Шарқ девони»да (1819 йил) бир бобни «Темурнома» деб атаган. ХVI асрда лотин тилида «Скифлар шоҳи Темурланг» китоби чоп этилди. Кристофор Марло инглиз тилида «Улуғ Темурланг» драммасини 1587 йилдаёқ ёзган. Атоқли ўзбек муаррихи Бўрибой Аҳмедовнинг таъкидлашича, хорижлик драматург ва артистлар ўз театри саҳнасида Амир Темуршшг ёрқин образини яратишган. Фарангистонлик ҳайкалтарош унинг кичик ҳайкалини олтиндан қуйиб, турли музейларда намойиш қилган. Амир Темурнинг буюк қонуншунос ва давлат арбоби эканлиги «Темур тузук»ларндан аён. Темур ўз тузукларида дейдики, қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў эътиборли кишиларини азиз тутдим, саййидлари (яъни пайғамбар алайҳиссалом авлодлари), уламолари, фузало ва машойихларига таъзим бажо келтирдим, ҳурмат зтдим ва уларга суюрғол вазифалар бериб, маошларини белгиладим, ўша мамлакат улуғларини оға-иниларимдек, ёшлари ва болаларини бўлса ўз фарзандларимдек кўрдим. Ўзбек тарихчи олими Ашраф Аҳмедовнинг таъкидлашича, Темур «қонхўрлиги» ҳақида сталинизм жарчиларининг «тадқиқот»ларига Қлавихонинг бир хабари сабаб бўлган. Темур «беш йиллик уруш» (1392— 1396) даврида Туркиянинг шарқидаги Силвасни забт этиб, Сурияга ўтаётганда кўчманчи оқ татар номли элатга дуч келади. Ва жангда Темур уларни енгади ва кўпларини асир этиб, Эрон шимолидаги Дамғон вилоятига кўчиради. Лекин оқ татарлар у ерга келгандан сўнг ҳам бўйсунмай, аста-секин ғарбга, ўз ерларига силжий бошлайдилар ва йўл- йўлакай атрофдаги қишлоқларни талон-тарож қиладилар. Шунда Темур лашкарларининг жаҳли чиқиб, 600 минг оқ татарни қириб ташлайди ва уларнинг калласидан қўрғон қуради. Бўрибой Аҳмедов «Амир Темурга мактублар» асарида: «Ленин ва Сталин ҳам фаришта эмас экан, улар 40 миллион бегуноҳ одамларни қатағон этган», деб ёзади. Дарҳақиқат, ҳақли савол туғилади: чинакам қонхўр ким ўзи?! Амир Темур дейдики, мен Форсни забт этганимда, Шероз аҳли шоҳ Мансур бошчилигида мен у ерга қўйган ноибни ўлдирди. Ўшанда, Шероз аҳолисини буткул қирилсин, деб фармон чиқардим. Саййид Жамилул Қодир ҳузуримга келиб, Шероз халқини авф этишимни сўради. Мен унинг гапларига эътибор бермадим. Кечаси тушимда Муҳаммад алайҳиссаломни кўрдим, у киши қаҳр билан дедилар: «Темур! Сен менинг авлодим илтимосини бажо келтириб, Шероз халқини авф этмадинг. Ахир, сенинг ўзинг Аллоҳ олдидаги кафолатимга муҳтож эмасмисан?» Мен Расулуллоҳ қаҳрига учрашимдан қўрқиб, уйғондим ва шу заҳот Саййид Жамилул Қодир қошига бориб, узр сўраб, бутун Шероз аҳлини авф этганимни билдирдим. Маҳмудхожага эса Меҳрижон мулкини топширдим...» Фосиҳ Хавофийнинг «Мажмали Фосихий»сида Темурнинг йилномаси қайд қилинган. 1370 йилда Амир Темур Амир Ҳусайнни енгади ва Мовароуннаҳр амири бўлади. Профессор Шоислом Шомуҳамедов қуйидаги нақлни келтирган. Амир Темур Шерозга кирганда Хожа Ҳофизга рўбарў бўлади. Ва Хожани: Агар кўнглимни шод этса, ўшал Шероз жонони Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони — байтлари учун маломат қилмоқчи бўлиб, дейдики, мен Самарқанду Бухоро шуҳратини ошириш учун курашсаму, сиз жононнинг битта холига бу муқаддас шаҳарларни инъом этмоққа қандай журъат этдингиз? Ҳофиз ўзининг юпун кийимига ишора қилиб: «Шоҳим, ҳотамтойлигимдан мана шу аҳволга тушдим-да!», деб жавоб берган. Шоирнинг ҳозиржавоблиги Темур ғазабини меҳрга дўндирган ва шоирга сарпою сармоя инъом қилган экан (Ғ. Саломов, «Таржима назарияси асослари»). Темур 1401 йил Сурия ва Дамашқни олгандан сўнг, ўз одатига кўра, у ердаги ҳунарманд, олимларни Самарқандга келтиради. Ўн икки ёшар ибн Арабшоҳ ҳам асирлар орасида бўлган. Ибн Арабшоҳ 1408 йилгача Самарқанда яшаб, кейин эса дунёни кезгани чиқади. Шарқшунос олим Убайдулло Уватовнинг таъкидлашича, ибн Арабшоҳ «Турк ва тотор сулолаларидан машҳур кишиларнинг сийрати» «Малик Зоҳирнинг гўзал сифати ҳақида», «Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари» каби китоблар муаллифидир ва бу асарлар жуда кўп тилларга таржима қилинган. Ибн Арабшоҳ Темурни ўз кўзи билан кўрган, Темур даври воқеаларига ўзи шоҳид. У ёзадики: «Темур жанг қилишдан олдин сулҳни таклиф қиларди».. 1370 йил Султон Ҳусайн ўлдирилгандан сўнг, Темур унинг хотини Сарой Мулкхонимни ўз никоҳига олади. Сарой Мулкхоним Қозонхон (Чингизхон авлоди)нинг қизи эди. Шу боис Темурга Кўрагоний (мўғулча «куёв») номи қўшилган. Темур Қора, Эгей ва Ўрта денгиздан то Ҳиндистоннинг шарқигача, Мўғулистон ва Хитойгача, Ҳинд океанидан то Урол тоғларигача, Москва остонасидан Днепр бўйларигача бўлган ҳудудларни забт этди ва буюк салтанат барпо қилди (А. Аҳмедов). Маълумки, Темур Хитойга қарши лашкар тортиб Ўтрорга борганида 1405 йилнинг 18 февралида вафот этган. У амирзода Пир Муҳаммадни валиаҳд этиб тайинлади. Лекин унинг васиятига амал қилинмади. Темур Самарқанддаги, кейинчалик Гўри Амир номи билан бутун дунёга машҳур бўлган дахмага пири Саййид Бараканинг оёқ учига кўмилди. Аслида бу дахмани Амир Темур суюкли невараси Муҳаммад Султон учун қурдирган эди. Бу даҳмага Мирзо Улуғбек, Мироншоҳ, Шоҳруҳлар ҳам дафн қилинган. Гўри Амир мақбараси икки қаватли бўлиб, Шарқ дахмасозлиги услубида қурилган. Олмониянинг Ваймар шаҳрида Гўри Амир дахмаси шаклида иншоот қурилган. У дахмага герцог Август, улуғ олмон алломалари Гёте ва Шиллерлар дафн қилингандир. Темур замонида Самарқанд, Бухоро, Хива, Исфаҳон, Шероз, Кеш, Қаршида беҳисоб ва беқиёс обидалар қурилди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур Самарқанд атрофида бир неча қишлоқлар барпо қилиб, уларга Миср, Дамашқ, Бағдод, Султон, Шероз, Париж деб ном берган. Бу даврда Шаҳрисабзда Оқ Сарой, Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавий, Самарқандда Бибихоним каби обидалар қурилган. Темурнинг сағанасини 1941 йил 22 июнда очганлар, шу куни иккинчи жаҳон уруши бошланган. Нақл қиладиларки, Темур, мени безовта қилманг, агар гапимга амал қилмасангиз, устингизга шафқатсиз қирғин келур, деб таъкидлаган экан. Темурнинг қуйидаги ҳикматлари ҳам амаллари каби ибратлидир: Дўсту душман билан муроса қилдим. Ҳар мамлакатга шайхулислом юбордим. Токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб уларни яхши ва савоб ишларга ундасин. Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар орасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорни ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим. Пири комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг: «Кам егин, кам ухла, кам гапир», деган панду насиҳатларига амал қилдим.
|