ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД Ҳазрат Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин 1318 йил Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғи (Когон тумани) да туғилиб, 1389 йил шу ерда марҳум бўлганлар. Қабрлари Қасри Орифонда зиёратгоҳдир. Ҳазрат Баҳоуддин улуғ авлиё, беназир устоз, улкан файласуф, зукко шоир, моҳир мато тўқувчи ва матога нақш солувчи (Нақшбанд) сифатида тарихда қолган— элу элатлар, халқу миллатлар дилидан жой олган зот ҳисобланадилар. Ҳазратнинг исмлари Муҳаммад, оталари Муҳаммад Жалолиддин, боболари эса Саййид Бурҳониддиндир. Ҳазрат Баҳоуддин Хожа Баҳоуддин, Хожаи Бузург (Улуғ Хожа), шоҳи Нақшбанд номлари билан бутун оламга маълум ва машҳур. Бу зоти шариф насаблари ота томонидан Ҳазрат Али разияллоҳу анҳумга, она томонидан эса Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумга бориб тақалади. Бу кишига нега Шаҳи Нақшбанд исми берилган? Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам не, Аз пайи ҳеч — ҳеч мо ғам не. Жанда дар пушту пушт гўристон Гар мирем мо, ҳеч мотам не. Таржимаси: Ҳеч нарсамиз йўғ-у ҳеч нарсадан камимиз ҳам йўқ, Ҳеч нарсанинг йўқлигидан ҳеч ғам ҳам йўқ. Жандамиз елкада-ю, ортнмнзда гўристон Ногаҳон ўлсак, ҳеч мотам ҳам йўқ — каби байтларни Ҳазрат Баҳоуддин яратиб, ўз таржимаи ҳолларини, ҳаёт йўлларини шу байтлар мағзига сингдирганлар. Ҳеч нарсаси йўқ киши қандай қилиб шоҳ бўлсин? Бу савол жавобини Муҳаммад Боқир яратган «Мақомоти шоҳи Нақшбанд» китобидан топиш мумкин. Маълумки, Муҳаммад Боқир бу китобни 1404 йилда ёзган. Муаллиф сўзбошида таъкидлаганки, асар ҳазрат Баҳоуддиннинг халифалари Алоуддин Аттор ва Хожа Муҳаммад Порсо нақллари асосида яратилган. Демак, бу китобга киритилган воқеа, ривоят, ҳикоят, ҳикматлар тўқима эмас экан. Ҳаммаси ҳужжат ва далиллар асосида ёзилган. Нақл қилурларки, ҳазрат хожамиз дедилар: замона қутблари ва автодлари Шомда жам бўлиб, мени оқ кигиз узра олдилар ва атрофимни ўраб олган кўйи буюк бир тахтга ўтирғиздилар. Бундан кейин менда ҳеч бир ғам бўлмагай. Мазкур нақлдан кўриниб турибдики, Ҳазрат Баҳоуддин барча авлиёларнинг шоҳи бўлган экан. Ҳазратга Нақшбанд номини берганларига икки сабаб бор. Бир шуки, бу зоти шариф кимхога, яъни матога нақш солнш (гул солиш) касби билан шуғулланган. Иккинчиси эса, нақл қилинишича, Ҳазрат Баҳоуддин ким билан суҳбатлашсалар, шу суҳбатдан сўнг Аллоҳнинг номи ўша одам қалбига нақшланиб қоларкан. Шу сабаб бу кишига Нақшбанд унвони берилган. Бу тариқатдан мурод шулки, Аллоҳнинг номини юракда нақш этишдир. Нақш банд бар дил банд, яъни Аллоҳ номини кўнглингда нақш эт. Ҳазрат Бобойи Самосий ҳазрат Баҳоуддиннинг дунёга келишларини олдиндан айтган. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий силсилаи шарифда ўн тўртинчи халқанинг пири муршиди. Бу зоти шариф боғбонлик билан шуғулланган. Бобойи Самосий Бухоро яқинидаги Рометан тумани Самос (Симос) қишлоғи (ҳозирги Ўзбекистон жамоа хўжалиги)да туғилиб, 1354 йил шу ерда марҳум бўлганлар. Қабрлари Самос қишлоғида обод зиёратгоҳдир. Бобойи Самосий боғбон бўлиш билан бирга улуғ устоз ҳам эдилар. Баҳоуддин туғилгандан сўнг, у кишини Бобойи Самосий фарзандликка қабул қилиб, Баҳоуддин тарбияси билан шуғулланишни шогирдлари ҳазрат Мир Кулолга топширганлар. Ҳазрат Мир Кулол бу вазифани тўлиқ адо қилган. Мир Кулол силсилаи шарифда ўн бешинчи халқанинг пири муршиди. Баҳоуддинга тариқат одоби, зикр таълимини ҳазрат Мир Кулол берган бўлсалар-да: «Ботин юзасидин пиримиз Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар», деб Баҳоуддин таъкидлаганлар. Зеро Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103—1179) руҳлари Баҳоуддинни тарбият қилган экан. Шу боис Ҳазрат Баҳоуддин Увайсий ҳисобланадилар. Қай зот ўтганлар руҳидан сабоқ олган бўлса, унга Увайсий номи берилур. Бу ҳақда «Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да тўлиқ маълумот бор. Силсилаи шарифда ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ўнинчи халқанинг пиридирлар. Шунингдек, Ҳазрат Боҳоуддин Хожа Ориф Деҳа-Деггароний, турк шайхларидан Қусам Шайх (бу зоти шарнф Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидан), Халил Оталардан ҳам таълим олганлар. Ҳазрат Баҳоуддин ўз тариқатлари моҳиятини шундай тушунтириб берганлар: «Бизнинг тариқатимиз урваи вусқодир (мустаҳкам тутқич), яъни Ҳазрат Расул салоллоҳу алайҳи васаллам мутобиатлари этагидин тутмоқ ва саҳобаи киром меросига эргашмоқдир. Ҳар ким бизкинг тариқатдан юз ўгирса, динида хатар кўради». Яна Ҳазрат дсганларки, бизнинг тариқимиз суҳбатдур. Яъни, у киши суҳбат орқали шогирдлар, асҳобларни тарбият қилган. Дарвоқе, пайғамбар алайҳиссалом ҳам худди шу йўл билан исломни оламга ёйганлар-ку! Нақшбандия тариқатидан мақсад эҳёус-суннадир, аниқроқ қилиб айтганда пайғамбар алайҳиссалом суннатларини қайта тирилтириш — тариқат пирларининг ўз олдига қўйган мақсадидир. Баҳоуддин дейдиларки, хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офат, хайрият жамиятдадур, бу шарт билаки, бир-бирига жафе бўлғай. Демак, бу тариқатда хилватнишинлик йўқ, балки зоҳир юзасидан халқ билан, ботиндин Ҳақ Субҳонаҳу Таоло билан бирга бўлиш, яъни дил ба ёру даст ба кор —кўнгил ҳақ билан, қўл иш билан банд бўлсин, шиорига амал қилинган. Нақшбандия тариқатида мутаассиблик йўқ. У барча миллат, барча ирқдагиларга дастурул амал бўла олади. Рост йўл, тўғри йўлни топа олишда қибланамо вазифасини ўтайди. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд дедилар: «Мақсад талаби йўлида ҳимматингиз онқадар бўлсинки, башарти менинг бошимга оёқ қўйиб ўтишга тўғри келса ва сиз ўтмасангиз — асло кечирмасмен». «Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да ёзилишича, ҳазрат Баҳоуддин: мен Шайх Жунайд, Шайх Шиблий, Шайх Мансури Ҳаллож, Султон Боязид чиққан мақомларга кўтарилдим, дейдилар. Ҳазрат Баҳоуддин таъкидлаганларки, талаб овонида икки маротиба Мансури Ҳаллож сифати менда пайдо бўлди ва икки маротиба ҳам дор остига бориб, сендай бошнинг жойи дордир, дедим. Илоҳ инояти билан бу мақомдан ўтдим. Ҳазрат Азизон (хожа Али Рометаний) қуддиса сирриҳу дебдурларки агар ер юзида Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний фарзандларидан бир бўлганда эди. Мансур ҳаргиз дорга осилмасди. «Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да Ҳазратнинг кароматлари, таржимаи ҳоллари, ҳикматли гаплари ва байтлари дарж қилинган. Шу табаррук китобда нақл қилинишича, бир дарвиш келиб ҳазрат Хожамиз—яъии, Баҳоуддинга Бухорода сувсизлик оқибатида полиз; хароб бўлиш арафасида турганлигини билдирибди. Ҳазрат хожа полиз бошига борибдилар ва буюрибдилар: «Полизга сув бериш маҳали бўлибди, сув йўлларини тузат. Мен у киши буюрганларидек қилдим. Лекин дарё қуриган, ариқда ҳам сув йўқ эди. Хожа дедилар: Ҳақ Субҳонаҳу Таоло сув бермоққа қодир. Субҳидам қарасам, полиз сероб бўлибди, ёнидаги сабзи, пиёз экилган ерлар ҳам сувдан тўйибди. Мушоҳада этиб кўрнлса, на ариқ, на дарёда бир қатра сув бор эрди.» Нақл қилурларки, Ҳазрат Хожамиз Байтуллоҳ (Каъба) зиёратига борганлар. Ўшал кун ҳожилар қурбонлик қиларди. Хожамиз дедиларки: «Яккаю ёлғиз ўғлимиз бор, шу ўғлимизни Аллоҳ йўлида қурбон қилдик.» Ҳазрат Хожа хизматларида бўлганлар шу кунни шу дақиқани тарих сифатида қайд қилганлар. Бухорога келганларидан сўнг маълум бўлганки, Ҳазратнинг лафзларидан бу калом чиққан заҳот ўғиллари марҳум бўлган экан. Нақл этурларки, Шайх Амир Ҳусайн вафот қилгандан сўнг бир дарвиш шайхни тушида кўриб, сўраган: «Эй Шайх Ҳусайн, азизлар (яъни Мункар ва Накир)га қандай жавоб бердинг?» Шайх деди: «Ул азизлар савол-жавобга келди, лекин ҳазрат Баҳоуддин пайдо бўлиб, қўлимдан тутдилар ва савол-жавобдаи олдин мени ўзлари билан бирга олиб кетдилар.» Ҳазрат бир неча (баъзи нақлга кўра уч)марта ҳажга борганлар. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд «Далелул ошиқин»,, «Ҳаётнома» номли китоблар муаллифи ҳисобланадилар. Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи ва етук халифалари Хожа Алоуддин Аттор (Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Бухорий) бўлганлар. Бу зоти шариф 1400 йил вафот этган. Мозорлари Хисори Шодмон (Душанбе) вилояти, Чағониён тумани, Деҳинав қишлоғидадир. Иккинчи халифалари Хожа Муҳаммад Порсо (1419 йил вафот қилганлар) бўлиб, бу кишининг исмлари Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофиз ал Бухорийдир. Хожа Порсонинг қабрлари Мадинада. Хожа Алоуддин Ғиждувоний учинчи халифа, Шайх Пирмастий, Хожа Абулқосим Бухорийлар Ҳазратнинг асҳоблари бўлган. Нақл қилурларки, Баҳоуддин дедиларки, Султонул Орифин (яъни Боязид Бастомий) айтибдурлар: «Бу йўлга кирганлар ҳар қанча юрган билан, аларнинг охирги қадами бизнинг биринчи қадамимизга баробар келур». Баҳоуддин буюрибдурларки, ғайрат юзасидин ҳақ Субҳонаҳу Таоло суҳбати ҳаром бўлсин ул кишигаки, унинг биринчи қадами Боязиднинг охирги қадамига егмаса ва дедиларки, биз интиҳони ибтидода дарж қилдик.» Мазкур нақлдан Ҳазрат Баҳоуддиннинг даражалари нақадар олий эканлиги кўриниб турибди. Тариқати Нақшбандия зулматда қолганларга нур, йўлини йўқотганларга қибланамо, адашганларга йўлчи юлдуздир. Одамни ер юзидаги офатлардан омон сақловчи, инсон фарзандига илашиши мумкин бўлган иллатлардан муҳофаза этувчи, икки дунё саодатига эриштирувчи тариқат ҳисобланади. Аллоҳ тавфиқ берсин, тавбамизни қабул этсин. Омин.
|
Категория: tarix | Добавил: admin (28.01.2011)
|
Просмотров: 970
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
--> |