ПАҲЛАВОН МАҲМУД Паҳлавон Маҳмуд (1247—1326) — улуғ шоир, мутафаккир, файласуф. Хивада туғилган. Шамсиддин Сомийнинг «Қомус-ул-аълом», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада» асарларида, шунингдек «Маноқиба»да ёзилишича, Паҳлавон Маҳмуд олим, шоир, кураги ерга тегмаган паҳлавон, шу билан бирга пўстиндўз ва телпакдўз уста бўлган. Унинг «Канзул ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар хазинаси») номли маснавий яратгани ҳақида маълумот бор. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари машҳурдир. Шоир ўз рубоийларини форс- тожик тилида ёзган. Бу дурдоналар асрлардан асрга ўтиб, бир неча авлодни тарбиялаб, бнзнинг замонгача етиб келди. Тарихда Паҳлавон Абусаид Румий (XV аср), Паҳлавон Маҳмуд Ўшшоқ (XV аср) каби алломалар номи ҳам маълумдир. Ҳар уччалалари ҳам майдонларда кураш тушгани учун Паҳлавон деган ном олганлар. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўзбекчага Тўхтасин Жалолов, Муинзода, Васфий, Матназар Абдулҳаким, Эргаш Очиловлар таржима қилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини топиб, уларни нашр этишда зукко олим, моҳир таржимон Тўхтасин Жалоловнинг хизмати беқиёсдир. Тўхтасин Жалолоцнинг ёзишича, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг Муҳаммад Раҳимхон Феруз, шунингдек Ҳасан Мурод Қори ва бошқа хаттотлар томонидан кўчирилган нусхалари ҳам бор экан. «Ҳазрат Паҳлавон ҳикоятлари», «Маноқиби Паҳлавон Маҳмуд» каби рисолалар аллома ҳаёти ҳақида хабар беради. Уни Хоразмда Паҳлавон Маҳмуд, Полвонпир десалар, китобу тазкираларда ҳазрат Паҳлавон, Маҳмуд Пирёрвалий, Маҳмуд Пурёвалий деб тилга олганлар. «Оташкада» ва «Қомус-ул-аълом» да таъкидланишича, Паҳлавон Маҳмуднинг жанговарлигини, жасурлигини билдирувчи «Қитолий» тахаллуси ҳам бўлган. Чунончи: Дасте намерасад чу Қитоли ба зулфи ёр, Қувват зи по-у зўр зи бозу ниҳодаем. Мазмунн: Қитоли каби қўлимиз ёр зулфига етмас, гарчи бор қувват билан ҳаракат этамиз. «Ғиёсул луғот»да: «Пурёйвалий—Маҳмуд Хоразмийнинг лақаби. Баъзан бу сўз мажозий маънода паҳлавонлар бошлиғи ҳисобланадиган кекса полвонга ҳам берилган», деб ёзилгандир. Эрон олими Саид Нафисий: «Футувват—жувонмардлик гуруҳининг пешволаридан бири машҳур шоир Паҳлавон Маҳмуд Хоразмийдир», дейди. Дарвоқе, Паҳлавон Маҳмуд пўстиндўз ва телпакдўз дедик, чунки у тариқат пирларидан эди. Ҳазрат Баҳоуддин матога гул солиш касби билан машҳур бўлган. Зеро, тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, шундан ризқ-рўзларини ўтказган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман деб хато ва муболағага берилманг, уни тирикчилик воситаси қилиб, молу дунё орттиришга ҳам ўтманглар» ҳадисларига тариқат пирлари амал қилган. «Арқон олиб тоғдан ўтин териб, уни сотиб, ризқ-рўзисини топадиган ва садақа қилган одам, тиланчилик билан кун кечиргандан яшироқдир», деган ҳадис текинхўрликка, таъмагирликка қаршидир. Паҳлавон Маҳмуд ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Бу ривоятларни халқимиз дуру гавҳар каби асраб келмоқда. Нақл қилпнишича, Паҳлавон Маҳмуд Эрон ва Ҳиндистонда анча йиллар яшаган. Маъракаларда кураш тушган ва уни ҳеч ким енга олмаган. Паҳлавон Маҳмуд олийҳиммат, мард, сахий, ватанпарзар инсон бўлган. «Маноқиба»даги хабарга кўра, Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистон халқи томонида туриб, Ҳиндистон душманларига қарши жангда иштирок этибди. Жанг пайти ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, Ҳинд шоҳп Рай Ропой Чўнани ўлимдан қутқаради. Шунда шоҳ Паҳлавон Маҳмуднинг бу жасорати, мардлигини тақдирламоқчи бўлиб: «Тила тилагингни!» — дебди. Паҳлавон Маҳмуд: «Эй буюк шоҳ! Бундан анча йиллар муқаддам менинг ватандошларим—хоразмийлар бу ерга асир қилиб олиб келинган. Ўшаларни озод этсангиз. Бирдан бир тилагим шу!»—дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: Эй ҳиммати баланд паҳлавон! Агар ярим давлатимнн тилаганингда эди, уни гап-сўзсиз сенга инъом қилган бўлурдим. Агар соҳибжамол қизимни ўз никоҳингга олмоқни сўраганингда эди, сени ўзимга қуёв этиб, тожу тахтимни сенга бағишлаган бўлурдим. Зеро, жасоратинг улкан мукофотга муносибдир. Майли, тилагингни бажо келтирдим. Ватандошларинг озод! Уларни Хоразмга боргунларича егулик озиқ-овқат, кийим-бош, улов билан таъминлашни ҳам буюраман!»—дебди. Паҳлавон Маҳмуд шоҳга қараб қуйидаги рубоийсини ўқибди: Ўз нафига ким бўлса амир, улдир — мард. Ҳам ўзгага бўлмаса ҳақир, улдир — мард. Ўтмак сира мағлубни тепиб мардлик эмас, Тутса қўлидан забунни эр, улдур — мард. Э. Очилов таржимаси. Шоир рубойисини - эшитган шоҳ қойил бўлиб, унга сарпо ва улов инъом қилибди. Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистондан ўз ватандошларини олиб Хоразмга қайтган. Мўғул-тотор босқинчиларига қарши жангда шаҳид бўлган ватандошлари қабри устида шоир ўз маблағи ҳисобидан мақбара қурдирган ва у ерни обод зиёратгоҳ этган. Шарқда рубоий ёзмаган шоир йўқ ҳисоби. Лекин Хайём, Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари жаҳонда кенг шуҳрат қозонган. Ўзбек шоирларидан Лутфий, Навоий, Бобур, Огаҳийларнинг ҳам рубоийлари бор. Ғарбда эса Иоҳан Вальфганг Гёте, Граф фон Платен, Фридрих Рюккертлар немисча рубоий ёзган. Улар рубоийлари Румий, Саъдий, Ҳофнз, Жомий ижоди таъсирида яратилгани исбот этилган. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларига ўзининг сўфиёна қарашларини сингдирган. Шоир асарлари қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар Академияси шарқшунослик институтида кўз қорачиғидек асралмоқда ва олимлар томонидан тадқиқот этилмоқда. Паҳлавон Маҳмуд марҳум бўлгандан сўнг, қабри устига ватандошлари пуршукуҳ мақбара қурганлар. Бутун оламдан ёғилиб келаётган сайёҳлар пиримиз, улуғ шоир, мард инсон қабрини зиёрат қиладилар. Мақбара деворларига, пештоқларига шоирнинг рубоийлари дарж қилинган. Бу зиёратгоҳ Хивада «Ҳазрати Паҳлавон» номи билан машҳур. Қейинчалик устоз Паҳлавон Маҳмуд мақбараси атрофида Хоразм хонларидан Абдулғозихон, Шоҳниёзхон, Муҳаммад Раҳим I, Темур Ғозихон ва бошқаларни васиятларига кўра дафн қилганлар. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида Қуръони карим ва Ҳадиси шариф таъсири кучли. Зеро, Шарқдаги деярли барча шоирлар бу икки улуғ манбаъдан баҳраманд бўлиб, ижод қилгани сир эмас. Паҳлавон Маҳмуднинг мардликни тараннум этувчи юқоридаги рубойиси пайғамбар аллайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси муборакларини эслатади:
«Кучлилик курашда йиқитиш эмас, ғазаби келганда ўзни босиб олишдир», ёки «кучлилик нафсни тийишдир», ёҳуд «бойлик молу дунёнинг кўплиги билан эмас, нафснинг тўқлиги биландир».
|