ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103—1179) буюк мутасаввуф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё бўлиб, Хожаи Жаҳон (Жаҳон ҳожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Унинг отаси Имом Абдулжамилдир. Имом Абдулжамил Имом Молик (713—795) авлодларидан ҳисобланади. Имом Абдулжамил асли Румлик. Хожа Абдулхолиқнинг онаси подшоҳ авлодидан бўлган. Хожа Абдулхолиқ Бухоро вилоятининг Ғиждувонида туғилган ва шу ерда марҳум бўлган. Хожанинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида. Онасининг оёғи томонида кўмилган. Бу зиёратгоҳ ёнида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг чиллахонаси, ҳужралари бўлган. Кексаларнинг айтишича, қирқ зинали тарихий нарвон ҳам бор экан. Ҳозир нарвон, чиллахон йўқ, лекин тош- қудуқ бор. Шунингдек, Хожа Абдулхолиқ қабри ёнида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса ҳозирги кунгача сақланган. Мозорнинг шимолида жомеъ-масжиди ҳам қурилган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Ҳазрат Хизр алайҳиссалом, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмий (бу киши Бобойи Лақлақаги номи билан машҳур)лардан таълим олган. Хожага ҳазрат Хизр зикри хуфия таълимини ўргатганлар. Хожа Юсуф Ҳамадоний «Силсилаи шариф»да тўққизинчи халқанинг пири ҳисобланади. Юсуф Ҳамадоний (1140 йил вафот қилган) Шайхулшуюх, Қутбул аср, шоҳ Ҳамадоний деб эъзозланган. Ул зоти шарифнинг исми Абу Яъқуб Юсуф бин Агоб бин ал Ҳусайн бин ал Бахора ал Ҳамадонийдир. Юсуф Ҳамадоний пиёда 37 марта ҳаж қилгани, умрида Қуръони каримни минг марта хатм этгани ҳақида маълумот берилади. Хожа Юсуф Бағдод, Исфаҳон, Бухорода таълим олган. Ул зотнинг устодлари Абу Исҳоқ, Абу Абдуллоҳ Жувайний, Шайх Абу Али Фармадийлардир. Носириддин Тўра ибн Амир Музаффар ал-Ҳанафий ал-Бухорийнинг «Туҳфат аз-зойирин» китобида ёзилишича, Юсуф Ҳамадоний бирор шаҳарга борсалар, ўша жойдаги шароблар ўз- ўзидан сиркага айланар экан. Бу Юсуф Ҳамадоний кароматидан нишонадир. Юсуф Ҳамадоний Бухорода Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийларга сабоқ берган. Нақл қилишларича, Юсуф Ҳамадонийнинг етти юздан ортиқроқ шогирдлари валийлик даражасига етган, ул зоти шариф саккиз минг бутпарастни исломга даъват этиб, мусулмон қилган экан. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Рисолаи соҳибия», «Рисолаи Шайхушшуюх ҳазрат Хожа Абу Юсуф Ҳамадоний», «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» асарлари машҳурдир. Абдулхолиқ Ғиждувоний маънавий фарзанди Авлиёи Кабирга ёзиб қолдирган насиҳатлари бир неча асрлардан бери нақшбандия тариқати муршиду муридларига йўлчи юлдуз каби хизматда. Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнул ҳаёт» китобида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг рашҳа (томчи)лари келтирилган. Кейинги пир-устозлар мазкур рашҳаларни асраш ва келгуси авлодга етказиш, шунингдек уларни изоҳлаш ва ёйишни ҳамда уларга амал қилишни ўз вазифалари, бурчлари деб билганлар. Муъин ал фуқаро Аҳмад ибн Маҳмуд Муллозода китобида қайд қилинишича, Садр ал Кабир Бурҳониддин (1196 йил марҳум бўлган) Хожаи Жаҳоннинг муриди бўлиб, Бухородаги масжиди Баланд ва Сўзангарон масжидини қурдирган. Абдулхолиқ Ғиждувонийни Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир, Хожа Сулаймон Карманий, Хожа Ориф ар-Ревгарий (Хожа Ориф Моҳи Тобон) исмли халифалари бўлган. Хожа Абдулхолиқнинг руҳлари Ҳазрат Баҳоуддинни тарбият қилган. Хожаи Жаҳоннинг Авлиёи Кабирга қилган насиҳат-васиялари бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Бу насиҳатларга ўз вақтида Баҳоул ҳақ вал-миллат вад-дуёуд—дин Нақшбанд ал Бухорий қай даражада эътиқод қўйиб, риоя қилган бўлса, айни шу кунда ҳам бутун дунёдаги нақшбандия пиру муридлари шундай амал қилмоқдалар. Абдулхолиқ Ғиждувоний дейдиларки: «Эй фарзанд! Илм ўрган, унга амал эт. Тақволи бўл!» Бу ҳикмат пайғамбар алайҳиссаломнинг «Имон билан амал бир-бирига жуда яқиндир. Улар бир-бирисиз дуруст эмас» ҳадислари ҳосиласидир. «Фақат илмнинг ўзи билан кифояланиб юриш, бу—шариатни инкор этувчилар эътиқодидир. Улар илм ҳосил бўлса-ю, амал бўлмаса — бу каби илмдан фойда йўқлигини билишмайди. Ҳолбуки, ўқиб ўзлаштирган илмига амал қилмаган одамларнинг қиёмат кунидаги азоби икки ҳисса кўпдир», деб Имом Ғаззолий таъкидлаганлар. Хожаи Жаҳон тариқат йўлига кирмоқчи бўлганларга ҳеч қандай мансаб, ҳатто имомлик, муаззинлик мансабларини тамаъ қилмасликни тайинлаган. Шунингдек амир, шаҳзодалар, бойлар билан ҳамсуҳбат бўлмоқ, уларнинг кошоналарига бориб келмоқни манъ қилган. «Бойларнинг уйига камроқ боринглар, акс ҳолда Тангрининг сизга берган неъматини писанд қилмайдиган бўласиз». «Кимеки подшоҳлар саройига тез-тез қатнайдиган бўлса, фитнага қолади», деб пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини хатардан огоҳлантирганлар. Ҳонақоҳда ўтириш, самоъни тинглашни ҳам устоз Абдулхолиқ Ғиждувоний манъ этди. Самоъ—куй тинглаб, қўшиқ куйлаб Аллоҳни зикр этиш, шунингдек завқу шавққа берилиб баланд товуш билан Аллоҳни зикр этишдир. Мавлавия тариқатининг асосчиси Жалолиддин Румий тариқатлари самоъга асосланган. Абухолиқ Ғиждувоний ёзади: Инкор макун самоъу мақбул мадор, Илло зи касе, ки зиндадил бошад ёр. Гар нафси ту мурда нест, аз шуҳрату оз, Бо савму салот бошу дигар бигузор. Мазмуни: самоъни сен на инкор қил, на уни қабул айла. Агар сен зиндадил бўлсанг, яъни Аллоҳ йўлида нафсингни ўлдирган бўлсанг ҳақиқий йўлни танла. Агар шуҳрату шон талабида эрсанг, яъни нафсинг ҳануз ўлмаган бўлса, фақат намозу рўза ила машғул бўл, ўзга ишни қўй. Иккинчи рубойисида Абдулхолиқ Ғиждувоний самоъга майл билдирмоқчи бўлганларга танбеҳ беради: Эй сўфии соф, ки куни майли самоъ, Ҳосил зи самоъ, чун нифоқ асту низоъ. Ё тарки самоъ кун, ки софй гарди, Ё он, ҳаёти дили худ соз видоъ. Мазмуни: эй покиза суфий, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо ҳосилини олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла, ёҳуд кўнгил ҳаёти билан видоъ эт, яъни ҳаётинг хавф остида қолади, шундан эҳтиёт бўл. Нақшбандия тариқатида шу сабаб самоъга амал қилинмайдп. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддан самоъга бўлган муносабати сўралганда, ул зот: «Мо ин кор намекунем, инкор намекунем», деб жавоб берган. Яъни, биз на бу ишни қиламиз, на уни инкор этамиз. Нақл қилинишича Абдулхолиқ Ғиждувоний муридлари билан суҳбатлашиб турганда бир бегона йигит хонакоҳга кирди. У зоҳидлар суратида, эгнида хирқа, кифтида сажжода (жойнамоз) ва бир гўшада ўлтурди. Ҳазрат Хожа анга назар қилди. Ул йигит дедики, Ҳазрат Расулуллоҳ айтқон ҳадиснинг сирри недур? Алар дедиларки, ҳадиснинг сирри будурки, хирқанг остидаги зуннорингни кесиб иймон келтиргайсен. Ул йигит филҳол зуннорини кести ва иймон келтурди ва ҳазрати Хожа асҳобга боқиб, дедиларки, эй ёронлар, келингки, андоқки зоҳир зуннорини кесиб бу наваҳд йигит иймон келтурди, биз ҳам ботин зунноримизки иборати ужб (манманлик, кибр) дандир қатъ (кесиб) этуб, иймон келтурали, то андоқки, ул омурзида бўлди (яъни гуноҳи кечирилди), биз доғи омурзида бўлали. Ажаб ҳолате асҳобга зоҳир бўлди. Хожанинг оёғига тушарлар эрди ва тавбаларини тоза қилурлар эрди. (А. Навоий.) Хожа Абулхолиқ Ғиждувоний «Силсилаи шариф»даги ўнинчи халқа пиридир. Ўн учинчи халқа пири ҳазрат Хожа Али Рометаний дебдурки, агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний фарандларидан (яъни шогирдларидин) бир бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дор остига бормагай эрди. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси Хожа Ориф ар Ревгарийнинг «Орифнома» номли асари яқинда топилди. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳларини қатағон йилларида ҳам одамлар тарк қилмаган. Мустақиллик шарофатидан эса ҳозир бу зиёратгоҳ янада обод бўлди.
|
Категория: tarix | Добавил: admin (28.01.2011)
|
Просмотров: 1055
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
--> |