ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ Улуғ мутасаввуф шоир, олим, файласуф, тарбиячи, авлиё Хожа Аҳмад Яссавий Сайрам қасабасида туғилган. Бу зоти шариф Ҳазрат Султон, Қулхожа Аҳмад; Мискин Аҳмад, Аҳмад ибн Иброҳим, Аҳмад Яссавий тахаллуслари билан ижод қилган ва бутун оламга танилгандир. Яссавийнинг отаси Иброҳим, бобоси Илёс бўлиб, насаблари Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумга бориб тақалади. Онаси Ойша хотун эди. Мавлоно Хисомуддин Сиғноқийнинг ёзишича, Аҳмад Яссавий 130 йил умр кўриб, 1166 йилда марҳум бўлган. Аҳмад Яссавий ёзади: Одамлардан файзу шукуҳ ололмадим, Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим. Хожа етти ёшда отадан етим қолди. У Арслонбоб (Арслонбобо), Юсуф Ҳамадоний, Саид ибн Ваққос, Шаҳобиддин Исфинжобий ва бошқа устозлардан сабоқ олган. Нақл қилурларки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аҳмаднинг туғилишини олдиндан билганлар. Пайғамбаримиз асҳоби киром ила бир жойга борганда оч қолганлар. Расулуллоҳ дуолари баракотидан Жабраил алайҳиссалом бир тавоқ хурмо келтирадилар. Ўша хурмолардан би донаси ерга тушади. «Бу Сизнинг умматингиздан бири Аҳмад Яссавийнинг насибасидир», деб Жабраил алайҳиссалом уқтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблардан, қай бирингиз бу омонатни эгасига топширишни ўз зиммангизга оласиз, деб сўраганда, ҳеч кимдан садо чиқмабди. Фақат Арслонбоб Аллоҳ таолло инояти ила расулуллоҳнинг бу топшириқларини бажараяжагини билдиради. Табаррук хурмо устига бир парда зоҳир бўлди ва пайғамбар аллайҳиссалом Султон Аҳмад Яссавийнинг шаклу шамойилларини тасвирлаб, ул зот таълими билан шуғулланиш кераклигини Арслонбобга амр этдилар. Йиллар ўтди. Арслонбоб етти яшар Аҳмадни Сайрамда кўриб танийдилар ва салом-аликдан сўнг ёш Аҳмад омонатни сўрайди. Омонат ўз эгасига берилди. (Ҳасанхожа Нисорий ал-Бухорий). Мираҳмад Мирхолдор ўғлининг «Хожа Аҳмад Яссавий» (Чимкент, 1992) рисоласида келтирилишича, устоз Шаҳобиддин Исфинжобий шогирдларини имтиҳон қилмоқчи бўлибди ва ҳар бирига биттадан товуқни хеч кимнинг кўзи тушмайдиган жойда сўйишни буюрибди. Ҳамма топшириқни бажарган, фақат Аҳмад тирик товуқ билан келиб: «Узр, устоз! Мен ҳамма жойда Аллоҳ таолонинг назарини ҳис қилдим. Шу боис вазифани бажаролмадим», деди. Устоз ёш Аҳмаднинг валийлигига тан бериб, дуо қилибди. (Ҳ. Муҳаммадхўжаев, «Пири Туркистон», «Маърифат» 14 апрел, 1993). Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат»да ёзадиларки, Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон мулкининг шайхул машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матавалий (ҳайратланарли) ва номаҳсур (чегарасиз). Шоҳу гадо анинг муриди эрди. Баъзи бир нақлларда айтилишича, тўқсон тўққиз минг муридлари бўлган экан. Жумладан Қутбиддин Ҳайдар, Ҳаким ота, Исмоил ота ва бошқа муридлари машҳур. Шайх Разиддин Али Лоло ҳам буюк шайх Нажмиддин Кубро хизматига боришдан олдин ҳазрат Аҳмад Яссавийдан таълим олганликлари ҳақида маълумот бор. Аҳмад Яссавийга шайхлик хирқасини Юсуф Ҳамадоний кийдирган. Маълумки, Юсуф Ҳамадоний (1048— 1140) Силсилаи шарифдаги тўққизинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланади. Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Бухоройи шарифда бир неча йил яшаганлар. Бухоройи шарифда бу зоти шариф Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийларни тарбиялаганлар. Аҳмад Яссавий Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифалари бўлиб, бир неча вақт устоз ўрнида Бухородаги хонақоҳда пири муршид сифатида қолиб, толиби илмларга таълим берган, кейин эса Яссига қайтган. Хонақоҳда эса Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халифаси Абдулхолиқ Ғиждувоний қолган. Аҳмад Яссавий Туркистонга қайтиб, ўз тариқати яссавияга асос солгач, дин ва тасаввуф ғоялари тарғиби учун шеър шаклидан ҳам фойдаланган, яъни муридлар зикр чоғида Яссавий яратган ҳикматларни ҳам ёд ўқишган (И. Ҳаққул). Аҳмад Яссавий уйланган, ўғли Иброҳим Шайхзода ёшликда марҳум бўлган, қизлари Яссавий авлодларини давомчиси эканлиги тарихий манбааларда дарж қилинган. Улуғ ўзбек шоири Атоий, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга таълим берган Қусам Шайх Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидандир. Шоир Тоҳир Қаҳҳорнинг ёзишича, айни шу кунларда ҳам Хожанинг авлодидан Шаҳобиддин Яссавий Туркияда яшамоқда. Нақл қилинишича, Султон Аҳмад Яссавий пайғамбар алайҳиссалом ёшларига, яъни 63 га киргандан сўнг ер устини тарқ қилиб, ер остига кирган, қайтиб чиқмаган. Ғорда ҳам ўз шогирдларига дарс берган ва «Девони ҳикмат»ни давом эттирганлари ҳақида маълумот бор. Демак, у ер остига кирганда ҳам дунёвий ишлардан воз кечмаган (Эргаш Рустамов). Хожа дейдиларки, менинг ҳикматларим кони ҳадисдур. Дарҳақиқат, Яссавий шеърларини ояту ҳадис—ҲИКМАТга айлантирди. Яссавия тарнқати жаҳрия зикрга асосланган. «Ғиёсул луғот»да «жаҳр—ошкоро кардан ва овоз баланд кардан дар хондан» яъни, ошкор қилмоқ ва баланд товуш билан ўқимоқдир, деб айтилган (253—бет). «Девони ҳикмат»да ёзилганки: Мани ҳикматларим кўпларга айтинг, Дуо такбир қилиб раҳматга ботинг. Агар ҳикмат ўқуса айюҳаннос, Эрур фарзанд манга ул толибиннос — деган мисралар жаҳрияга ишорадур. Қатағон даврида ҳам яссавийшуносликка муҳим ҳисса қўшган ўзбек олими Эргаш Рустамовнинг таъкидлашича, Аҳмад Яссавий чивиқдан сузғич тўқиш, ёғочдан қошиқ ва чўмич йўниб сотиш билан тирикчилик қилган. Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат девони» тўрт бобдан: «Дарёи шариат», «Роҳи тариқат», «Қулзуми ҳақиқат», «Дарёйи раҳмат»дан иборатдир. Шуни таъкидлаш жоизки, қизил империя давридаги исломшунослар яссавия билан нақшбандия тариқатини бир-бирига зид ёки унисини бунисидан устун деб талқин этарди, Уларнинг фикрича, яссавияда тарки дунёчилик, гўшанишинлик устун бўлиб, нақшбандияда эса қўл-меҳнат, дил—Аллоҳ билан банд, дунёни тарк этмай яшашга талқин қилинган. Эмишки, яссавияда тиламчилик қилиш мумкин-у, лекин нақшбандияда тиламчиликка қарши курашилган. Бундай фикр нотўғри. Яссавияда ҳам меҳнат қилиш фарз, текинхўрлик айб, гуноҳ саналган. Аҳмад Яссавий дейдилар: «Шайх ул-дурки, нарзу ниёз олса, уни мискин, ғариб, бечора, етим- есирларга берғай. Агар бу нарзу ниёзни ўзи еса, гўё мурдор ит емишини тановул қилган бўлур.» Аллоҳ таоло таълимини, пайғамбар алайҳиссалом ўгитларини туркий тилда ёйиш яссавия тариқатининг мақсадидир. Хўш, нақшбандияда-чи? Бунда ҳам худди шундай. Нақшбандия тариқати таълимоти форс- тожик тилида, яссавия таълимоти туркий тилда бутун оламда тарқалган. Ҳар иккала сулукдагилар бидъату хурофот, жаҳолату нодонлик, босқинчилигу миллатчилик каби иллатларга қарши курашганлар. Зеро, ҳар иккала сулук бошида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом турибдилар. Ҳар икки сулук ҳам сунний мазҳаб ақидаларини ёйган. Атоқли олим Нажмиддин Комилов таъкидлагани каби, Баҳоуддин Нақшбанд «зоҳирда халқ билан ва ботинда ҳақ билан» шиорини кўтариб чиққан бўлсалар-да, аммо хилватни бутунлай инкор этмаганлар. Аҳмад Яссавий қабрлари устида соҳибқирон Амир Темур 1395 йил улкан мақбара қурдирди. Унинг салобати, маҳобатини Бибихоним, Оқсарой, Бухоройи шарифдаги Арк, Шайхул Олам (Сайфиддин Боҳарзий) обидаларига тенглаштириш мумкин. Мақбаранинг 35 та хонаси бор. Айни шу кунларда Қозоғистон ҳудудида жойлашган Яссидаги Хожа Аҳмад мозорлари бутун дунёдан келаётган эътиқод эгалари учун обод ва файзбахш зиёратгоҳ, яссавия таълимоти эса тўғри йўлни топиш учун дастурдир.
|