ИМОМ АЛ БУХОРИЙ Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги мўътабар манбаъ—иккинчи муқаддас китоб Ҳадиси шарифдир. Шариф деган сўз арабча бўлиб, шарафли, азиз, қадрли деган маъноларни англатади. Қуръони каримни Каломи шариф деб ҳам атайдилар. Шунингдек, шариф унвонига сазовар бўлган шаҳарлар ҳам бор: Шом, Бағдод, Қуддус, Мазор, Бухоройи шариф. Муҳаммад алайҳиссаломнинг айтган гаплари, қилган ишлари, шунингдек пайғамбар алайҳиссалом бошқаларнинг бирор ишини кўриб, уни маън қилмаган бўлсалар, шуларнинг ҳаммаси суннат ҳисобланади. Булар ҳақидаги далолат эса ҳадисдир. Ҳазрат Баҳоуддиннииг устозлари ҳазрат Мир Кулол деганларки, ўнг қўлингизда Қуръони карим, чап қўлингизда эса Ҳадиси шариф бўлсин. Ана шу икки китобдаги таълимотга риоя қилсангиз, асло адашмайсиз. IX асрда пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини жамлаш, уларни ёйиш, саҳиҳ (аниқ, хатосиз)ларини шубҳалиларидан саралаш кучаяди. Муаррихлар бу асрни «олтин аср» ёки «олтин девор» аcри деб атайдилар. Ал-Бухорий, Муслим, ан-Насафий, Абу Довуд, Ат- Термизий, ибн Можжа каби муҳаддислар худди шу асрда яшаб, фаолият кўрсатган. Уларнинг асарлари «Қутуби ситта» («Олти китоб») номи билан бутун дунёда машҳур. Улуғ муҳаддислар орасида Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий биринчи ўринда турадилар, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки Имом Бухорий (Имом Абу Абдуллоҳ шу ном билан бутун оламга танилган)гача ўтган муҳаддислар пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини саҳиҳ ё шубҳали бўлишига эътибор бермай китобларга киритаверганлар. Тўғри, Муҳаммад алайҳиссалом тирикликларида ҳадисларни ёзиб олганлар бўлган. Жумладан, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Анас ва бошқа саҳобалар саҳиҳ ҳадисларни ёзиб олганлар. Лекин йиллар ўтавериб, миллий-сиёсий ихтилофлар кучайган, динга фойдаси тегар мақсадида айримлар пайғамбаримиз номларидан ҳадислар тўқиганлар. Фиқҳ ва илми калом соҳасидаги зиддиятлар, амир ва ҳокимларга хушомадгўйлик оқибатида кўплаб ишонарсиз ҳадислар ҳам юзага келган (Муҳаммад Сиддиқ Муҳаммад Юсуф). «Мендан ривоят қилинган бирор ҳадисни эшитганларингизда дилларингизга таниш, баданларингизга таъсир қиладиган ва ақлларингизга сиғадиган бўлса, демак, у менинг айтган ҳадисимдир. Аммо эшитган ҳадисларингиз бунинг аксидек туюлса, у менинг ҳадисим эмасдир», даб таъкидлаганлар пайғамбар алайҳиссалом. Имом Бухорийнинг туғилган йиллари, ҳатто куни ҳам аниқ—ҳижрий сананинг 194 йили, шаввол ойининг 13 куни, яъни мелодий 810 йил, 20 июль. Имом Бухоро шаҳрида туғилган, оталари Имом Исмоил саводли бўлганликлари учун бу санани ёзиб қолдирган. Имомнинг исмлари Муҳаммаддир. Имом Бухорий биринчи бўлиб ҳадислар саҳиҳини ғайри саҳиҳдан саралаганлар. Бу—оғир меҳнат, улкан билим, тинимсиз риёзат талаб қиладиган мушкулотдир. Бу вақтга келиб Бухоро «Қуббатул ислом» —ислом динининг гумбази деган ном олган ва бу шариф шаҳарда илму
санъат, маданияту маърифат ривож топган, Бухоро олимлари жаҳонга машҳур бўлган. пайтда Хожа Имом Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (834 йил марҳум бўлганлар) ва бошқа алломалар илмни тарқатиш, олимларнинг кўпайишида улкан хизматлар қилган (Наршахий, «Бухоро тарихи»). Маълумки, Бухоро шаҳрида биринчи бўлиб Қутайба ибн Муслим томонидан 712 йил масжид бино қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, бу масжид ўша даврда ҳам мактаб, ҳам мадраса вазифасини ўтаган. Наршахийнинг ёзишларича, Бухоро Абу Ҳафс Кабир туфайли «Қуббатул ислом» номини олган. У кишининг ўғли Абу Абдуллоҳ (Абу Ҳафси Сағир деб ҳам атаганлар) илмлари шу даражага етганки, ҳожилар карвони Каъбадан қайтаётганда, уларнинг уламолари Хожа Имом Абу Ҳафс ёнларига бориб, у кишидан муаммо масалаларга жавоб сўрар экан. Шунда Абу Ҳафс: «Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?» деганда, у олим: «Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога борганда бу муаммони Хожа Имом Абу Ҳафс ёки у кишининг фарзандларидан сўра!» дедилар. Имом бир кеча-кундузда Қуръони каримни икки маротаба хатм қилар, шу билан бирга шогирдларига ҳам дарс берар эканлар (Наршахий, «Бухоро тарихи», 130-бет). Юқоридаги нақлдан маълум бўляптики, Имом Бухорий, Абу Исҳоқ Гулободий Бухорий, Ибн Сино, Абдулохолиқ Ғиждувоний каби буюк алломаларнинг Бухорода ўсиб вояга атиши беҳикмат эмас, балки Бухорода аллақачон бундай алломалар учун илму урфоний замин ҳозирланган эди. Бухоро Байтул ҳикмати пойдеворини Имом Ҳожатбарор номи билан бутун дунёга танилган зот Абу Ҳафс Кабир Бухорий қўйган эдилар. Манбаларда қайд қилинишича, Абу Ҳафс Кабир Бухорий Имом Бухорийга дарс бериб, у кишидаги ҳадисга бўлган муҳаббатни билгач, Имом Бухорий ҳақларида дуо қилиб: «Келажакда бу кишидан улуғ муҳаддис чиқади!», деб каромат этганлар. Имом Бухорий ўн олти ёшида оналари ва акалари билан бирга ҳажга бориб, тўрт йил Маккада яшаган. У киши Шом (Дамашқ), Қоҳира, Басра, Кўфа, Бағдод, Марвда ҳам бўлиб, илм олганлар, ҳадис жамлаганлар. Имом Бухорий пайғамбар алайҳиссаломнинг 600 минг ҳадисларини жамлаб, шулардан 300 мингини ёдлаган. Ўзларининг тўрт жилддан иборат «Ал Жомиъ ас-саҳиҳ» (Бу асар «Саҳиҳи Бухорий» номи билан ҳам машҳур), яъни «Ишончли тўплам» номли китобларига 7275 ҳадисни саҳиҳ деб далиллар асосида исботлаб киритганлар. Олимларниг таъкидлашича, «Ал Жомиъ ас-саҳиҳ» да фиқҳ, исломий маросимлар, аҳлоқ- одоб, таълим-тарбия ҳақида, шунингдек ўша давр тарихи ва элшунослигига доир маълумотлар киритилган. Нақл қилурларки, Басрада Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил ҳадисдан сабоқ дарсида дафтарсиз, қаламсиз дарсга қатнашиб, ҳеч нарсани ёзиб олмасканлар. Сабоқдошлари Имом Бухорийни синамоқ бўлиб, ўн олти кун олдин ўтилган дарсдан савол беришибди ва ҳаммалари дафтарларини очиб, ёзганларини кузатишибди. Имом кўзларини юмиб, домладан эшитганларини бир бошдан такрорлабдилар, айрим сабоқдошлари хато кўчирган, баъзилари ёзиб олишга улгуролмаган жумлалар бор экан. Имом такрорлаганларидан сўнг, улар ўз хатоларини тузатишибди ва Имом Бухорий хотираларига қойил қолишибди. Имом Бухорий тақво, саховат, меҳру мурувватда ҳам тенгсиз бўлган эканлар. Бу зоти шариф «Ал Адаб ал—Муфрад», «Китоб асмоъ—ис-саҳоба», «Китоб бадъ ил- маҳлуқот», «Китоб бадъ ил-маҳлуқот», «Китоб бирр ил-волидайн», «Тарихи Бухоро», «Ал Жомиъ ал Кабир», «Китоб ул—виждон», «Китоб ул—муснад ал—кабир» ва бошқа ўнлаб асарларнинг муаллифи ҳисобланадилар. Имом Бухорий Бухорога қайтиб, ҳадисдан дарс бера бошлайдилар. Лекин ҳасадгўй, сохта олимлар бу кишини амирга ёмонлашади. Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳайли номли киши амир бўлган экан. Амир Имомни аркка чорлаб, бизга ва шаҳзодаларга ҳадисдан дарс беринг, дейди. Имом эса эътироз билдириб: «Илм аркка, шоҳлар ёнига бормайди. Агар амирга илм керак бўлса, Аллоҳ таолонинг уйи—масжидга келсинлар ва шу ерда таълим олсинлар!» дейдилар. Натижада амир Имом Бухорийни Бухородан бадарға қилади. Имом Самарқандга бориб, Пойариқ туманида бир неча муддат турадилар ва ўша ерда 872 йил 1 сентябрда марҳум бўладилар. Имом Бухорийнинг қабрлари Пойариқ туманидадур. Абу Тоҳирхожанинг ёзишларича, у кишининг қабрларидан анча вақтгача мушкдан ҳам хушбўйроқ ҳид таралиб турган. Тажрибада кўрилганки, кимки «Саҳиҳи Бухорий»ни бошига кўтариб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини Аллоҳ таоло офатлардан сақлаган. Имом Бухорий масжидлари ёнида Бухоро Амири Абдуллахон (1534—1598) масжид қурдирган. Бу қишлоқни Хожа Исмоил қишлоғи деб атайдилар. Бутун мусулмон олами Имом Бухорийнинг 1200 йилликларини 1974 йили нишонлади. Ҳадислар таъсирида Ғарбу Шарқ адиблари жуда кўп асарлар ёзганлар. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийнинг «Қирқ ҳадис»лари бунга мисол бўла олади. Шарқ алломалари Жалолиддин Румий, Саъдий, Хожа Ҳофиз, Лутфий ғазалларида, улуғ олмон шоири Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»даги шеърларда ояту ҳадис таъсирини кўриш мумкин. Ҳадислар меҳру мурувват, мардлигу саховат, инсофу тавфиқ, адолату покликни тарғиб қилади. Миллатчилигу маҳаллийчилик, кибру шуҳратпарастлик, тамаъгирлигу худбинлик, фоҳишабозлигу ёлғончилик каби иллатлар қораланади. Гёте ояту ҳадисни ўрганиб, қуйидаги мисраларни битган: Нодон ҳар ҳодисани ўзича шарҳлашга шай, Ҳар ҳодиса сабабин билгум деган авом-да. Аллоҳга итоатдур ислом деган сўз асли Исломда яшаб ҳамма ўлажакмиз исломда. Имом Бухорийнинг «Ал Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларидаги ҳадислардан намуналар: Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, аразламанглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинг. Мусулмон одам ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашмасин! Мунофиқлик белгиси учта: ёлғон гапиргай, ваъдага вафо қилмағай, омонатга хиёнат қилғай. Аввало онангга, яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил! Қариндошларига оқибатсиз одам жаннатга кирмайди. Ҳар бир эзгу иш садақадур. Ёмонликдан ўзни тийиш ҳам садақа. Ширин сўз — садақа ҳисобланади.
|